Махсус автотранспорт воситаларига тўсиқсиз ўтиб кетиши учун йўл бермаганлик учун маъмурий жавобгарлик кескин кучайтирилади. Бу ҳақдаги тегишли қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 128-5-моддасининг матни қуйидаги таҳрирда баён этилади:

“Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг кўк ёки кўк ва қизил рангли ялт-ялт этувчи чироқ-маёқча ва махсус товушли ишораларини ёққан ҳолда яқинлашиб келаётган тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситаларига тўсиқсиз ўтиб кетишига халақит бериши, –

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари (2 230 000 - таҳ.) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг йўлнинг қарама-қарши ҳаракатланиш учун мўлжалланган томонига ёки бўлагига йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳолда чиқиши, худди шунингдек авария ҳолати юзага келишига сабаб бўлган, яъни йўл ҳаракатининг бошқа қатнашчиларини тезликни, ҳаракат йўналишини кескин ўзгартиришга ёки ўз хавфсизлигини ёхуд бошқа фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун ўзга чораларни кўришга мажбур қилувчи ҳуқуқбузарликни содир этиши, –

базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари (2 230 000 - таҳ.) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмларида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш, –

базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари (5 575 000 - таҳ.) миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан бир йил муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича иш юритишда тезкор ва махсус хизматларнинг транспорт воситаларига ўрнатилган видеорегистраторларда қайд этилган видеоёзувлар махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали қайд этилган видеоёзувларга тенглаштирилади ҳамда ушбу Кодексда белгиланган тартибда кўриб чиқилади”.

128-5-модданинг амалдаги таҳрири