Naked Science нашрининг хабар беришича, Хами птерозаврлар музейи Хитой шимоли-ғарбидаги миллий геопарк ҳудудида жойлашган. Бу ҳудуд птерозавр қолдиқларининг кўплаб топилмалари билан машҳур.

Музейнинг кўргазма майдони қарийб 4,6 минг квадрат метрни ташкил этади. Мажмуа бир-бирига нисбатан силжитиб жойлаштирилган олтита овал шаклдаги залдан иборат.

Бино юқоридан қаралганда чўл ўртасида ётган птерозавр тухумлари уясига ўхшайди.

2-11
© Xinhua

Музей экспозициясида Хитой Фанлар академиясининг Умуртқали ҳайвонлар палеонтологияси ва палеоантропологияси институти олимлари 20 йилдан ортиқ вақт давомида олиб борган қазишмалар чоғида топилган тошқотган қолдиқлар намойиш этилмоқда.

Улар орасида дунёда илк бор топилган, уч ўлчамли шаклда сақланиб қолган птерозавр тухумлари ва эмбрионлари ҳам бор. Шунингдек, птерозаврларнинг айрим йирик намуналари илк марта кенг жамоатчиликка тақдим этилган.

Музей ташкилотчилари ушбу топилмаларни биринчи марта ягона экспозицияга жамлаган. Кўргазма орқали ташриф буюрувчилар тахминан 130 млн йил аввал, бўр даврида яшаган птерозаврларнинг ҳаёт тарзи ва эволюцияси ҳақида тасаввурга эга бўлиши мумкин.

Хитой Фанлар академияси институти раҳбари Сюй Синнинг таъкидлашича, музей ташриф буюрувчиларга илмий кашфиёт жараёни билан яқиндан танишиш ва қадимги ҳаётнинг хилма-хиллигини кўриш имконини беради.