14–20 сентябр кунлари Ўзбекистонда қуруқ ва мавсумий меъёрдан иссиқроқ об-ҳаво қишлоқ хўжалиги ишлари ҳамда аҳоли саломатлигида айрим қўшимча эҳтиёт чораларини талаб қилади.
Ҳафта давомида кутилаётган об-ҳаво билан иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов таништиради.
Қишлоқ хўжалигига таъсири. Ҳафта давомида ёғингарчиликнинг камлиги ва кундузги ҳароратнинг +30…+35 °C, дам олиш кунлари эса айрим ҳудудларда +35…+37 °C гача кўтарилиши тупроқ намлигининг тезроқ камайиши ва сувга бўлган эҳтиёжнинг ортишига олиб келади. Айниқса, жанубий вилоятларда иссиқлик ва қуруқ ҳаво пахта, сабзавот-полиз ҳамда кечки экинларни парваришлашда суғориш режимини назорат қилишни талаб этади.
Кузги экинлар экиладиган майдонларда эса юқори ҳарорат ва намлик танқислиги уруғнинг униб чиқиши учун ноқулай шароит яратиши мумкин. Шу боис намликни сақлаш ва суғориш муддатларини тўғри белгилаш муҳим.
Аҳоли саломатлиги. Кундузи +35…+37 °C гача иссиқ, кечаси эса +13…+18 °C гача пасаядиган ҳарорат режими организмда катта суткалик термик фарқни юзага келтиради. Бу айниқса кекса ёшдагилар, метеосезгир инсонлар ҳамда юрак-қон томир ва нафас йўллари касалликлари бор кишиларда ҳолсизлик, бош оғриғи, уйқу бузилиши ва қон босими ўзгаришини кучайтириши мумкин.
Намлик юқори бўлган пайтларда иссиқлик янада оғир сезилади. Шунинг учун куннинг энг иссиқ соатларида узоқ вақт қуёшда қолмаслик, жисмоний зўриқишни чеклаш ва етарли суюқлик истеъмол қилиш тавсия этилади.














