6 декабрь куни Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасида «Ўзбекистондаги ислоҳотлар ва парламент сайловлари» мавзусида медиа анжуман бўлиб ўтди.

Тадбир доирасида Kun.uz мухбири Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев билан суҳбатда бўлди.

«Ҳозир Ўзбекистон демократияси учун муҳим сайловлар арафасида турибмиз. Сайловнинг аҳамияти Ўзбекистон билангина чекланиб қолмайди: Ўзбекистоннинг тақдири, унинг ривожланиш йўналиши нафақат Марказий Осиёга, балки кенгроқ миқёсда ҳам аҳамият касб этади. Сайлов жараёнлари халқаро эътиборни жалб этаётгани бежиз эмас. Кўп саволлар бор, қизиқиш катта.

Сайлов Ўзбекистоннинг халқаро молиявий-иқтисодий рейтингларига таъсир кўрсатади. Сармоядорлар кўпинча у ёки бу мамлакатга пул тикиш мумкинми-йўқми деганда биринчи навбатда у ердаги сиёсий барқарорлик, халқ ва ҳукумат ўртасидаги мулоқот даражаси, ҳуқуқий пойдевор ва қонун устуворлиги масалаларига аҳамият қаратишади. Буларнинг барчаси парламент ва парламент сайловларига боғлиқ.

Демак, олдимизда турган ҳодиса нафақат сиёсий аҳамиятга эга; сайловлар Ўзбекистонга иқтисодий манфаат ҳам олиб келиши мумкин», – дейди Сафоев.

– Янги сайланадиган парламент ҳозиргисидан қанчалик ва қайси жиҳатлари билан фарқ қилади, деб ўйлайсиз?

– Албатта, буни сайлов кўрсатади. Биз ўз умидларимизни айтишимиз мумкин. Келажак парламент – бу Ўзбекистон сиёсатчиларининг янги авлоди. Улар халқнинг орзу-умидлари ва мушкулотларини чуқур тушунган, ич-ичидан англаган ва уларни сидқидилдан илгари суришга тайёр бўлган, ватани учун, халқи учун жон куйдирадиган самимий инсонлар бўлиши керак.

Иккинчидан, янги парламент юқори даражада профессионал, халқаро миқёсда рақобатбардош бўлиши керак. Чунки Ўзбекистоннинг келажаги ва мамлакатнинг рақобатбардошлиги биринчи навбатда унинг қонунлари билан, парламент ўз функцияларини бажариши билан боғлиқ. Янги парламент шунга қобил бўлиши керак.

Энг муҳими, парламент довюрак бўлиши керак. Ҳукуматни танқид қилиши, ҳукуматнинг турли органларини жавобгарликка тортиб, қонунлар ва халқаро мажбуриятларимизни ижро этишга нафақат даъват этиш, балки керак бўлса мажбур қилишга қодир орган бўлиши керак. Буни халқимиз кутяпти.

FQvmuQPfZCpehFWm6HWDGQ868xEGk5RA.jpg (1280×853)