Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Ўзбекистон 25 йил партиясизлик шароитида яшади» – Шерзод Қудратхўжаев
10 декабрь куни Халқаро матбуот марказида бўлиб ўтган Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида Шерзод Қудратхўжаев сиёсий партияларнинг сайловолди ташвиқоти жараёнига эътиборсизлигини танқид қиларкан, Ўзбекистон 25 йил давомида партиясизлик шароитида яшаганини таъкидлади.
«Ўзбекистон, афсуски, 25 йил давомида партиясизлик шароитида, сиёсатчилик йўқ шароитда яшади. Сиёсий партиялар билан боғлиқ муаммоларга шу нарса сабабчи. Сўнгги уч йилда ана шу 25 йиллик мероснинг қўзғалиши қийин бўлди. Лекин бугун ўйлайманки, мана, кўпчилик кўряпти – одамларимизда катта ўзгариш бор. Баъзида одамлар партиялардан олдинда юради. Замонавий, яхши парламент шаклланиши учун яна 2-3та сайловлар керакки, шунда сиёсатчилар ва партиявий муҳит пайдо бўлади. Партиялар менинг гапимга хафа бўлишмасин, лекин бу сафарги сайловлардан одамлар кўп нарсани кутяпти», дея Марказий сайлов комиссияси аъзоси Шерзод Қудратхўжаевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.
Шерзод Қудратхўжаевнинг сўзларига кўра, Марказий сайлов комиссияси раиси номига бир кунда 100та хат келади. Одамларда партияларга нисбатан саволлар кўплиги, уйида чироғи йўқ, гази йўқ, маиший муаммоси бор фуқаролар ҳам МСКга хат ёзаётгани айтиб ўтилди.
«Партиялар жойларда мана шу масалаларни ўзига олганда яхши бўлган бўларди, шу баҳона халқ, эл уларни таниган бўларди», дейди Шерзод Қудратхўжаев.
Брифингда МСК раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов партиялар сайловолди ташвиқотини чиройли бошлашганини, бироқ кейинчалик жараён сустлашиб кетганини танқид қилди.

«Партияларимиз сайловолди ташвиқотини митинглар билан жуда чиройли бошлашди, аммо ҳозир митингниям кўрмаяпман. Нимага бунақа бўлди? Митинг давомида ташвиқотам қилса бўлади. Битта йиғилишда Олий Мажлис депутатлигига, вилоят ва тумандаги маҳаллий кенгашларнинг депутатлигига номзодларни олиб бориб, сайловчиларга бирйўла таништирса бўлади. Номзодларни чиқаришсин халқнинг олдига, халқ танисин уларни. Қишлоқма қишлоқ юриб, битта кичкина микрофонни қўйволиб гапирсаям бўлади бизнинг партиямиз бунақа иш қилади деб», дейди Мирзо Улуғбек Абдусаломов.
Марказий сайлов комиссияси раиси фуқаролар депутатликка номзодларнинг ҳар бири шахсий Телеграм каналини очиб, унга дастурларини жойлашини, сайловолди ташвиқотини, сайловчилар билан мулоқотни мана шундай замонавий воситалари орқали йўл қўйишни таклиф этишаётганини айтиб ўтди.
Аввалроқ МСК раиси жойларда сайловолди ташвиқоти кўнгилдагидек олиб борилмаётгани, фуқаролар депутатликка номзодларни кўрмаётганидан шикоят қилаётганини айтганди.
Мавзуга оид
12:00 / 26.02.2021
Таълимдан пулни аяйдиган бўлсак, бу келажагимизга болта уриш — Шерзодхон Қудратхўжа
19:57 / 31.08.2020
Шерзод Қудратхўжаев Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист сифатида тақдирланди
13:20 / 06.01.2020
ЎзЛиДеП бош вазир номзодини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлди
14:18 / 25.12.2019