17:06 / 12.12.2019
2
85664

Пешку туманида молиявий пирамида ташкил этиш ҳолати аниқланди

Бухоро вилояти Пешку туманида молиявий пирамида ташкил этган шахс аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати Kun.uz’га маълум қилди.

«Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Пешку туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, 1996 йилда туғилган Ш.З. мулкий манфаат бериш бўйича ўз зиммасига мажбурият олиш йўли билан фуқароларнинг пул маблағлари ва мол-мулкини жалб этишга доир ноқонуний фаолиятини амалга ошириб келган. У жорий йилнинг январь ойидан ноябрь ойига қадар 21 кишининг 633 минг 400 АҚШ доллари ва 22,5 млн сўм пулини жалб этиб, уларнинг олдида олган мажбуриятларини янги жалб этилган пул маблағлари ҳисобидан қисман бажариб, фуқароларнинг 577 минг 400 АҚШ доллари ва 22,5 млн сўмини қўлга киритгани аниқланди», дейилади хабарда.

Шунингдек, у жиноий фаолияти давомида қўлга киритган маблағларининг асл хусусияти ва манбаини яшириш мақсадида 153 млн сўмга «Lada Vesta» русумли автомашина сотиб олиб, жиноий фаолиятдан олинган даромадини легаллаштирган.

Айни вақтда мазкур ҳолат юзасидан Ш.З.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Маълумот учун, Жиноий кодекснинг 188-1-моддаси мулкий манфаат бериш бўйича зиммага мажбурият олиш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларнинг пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкини жалб этишга доир ноқонуний фаолиятни амалга ошириш ва бунда илгари олинган мажбуриятни жисмоний ва юридик шахсларнинг янги жалб этилган пул маблағлари ва (ёки) бошқа мол-мулки ҳисобидан бажариш, шунингдек, бундай фаолиятга раҳбарлик қилиш ва шундай фаолият кўрсатилишини таъминлаш, бундай фаолиятга жалб этиш мақсадида ОАВ ва интернет орқали реклама қилишга қаратилган ноқонуний фаолиятга тааллуқлидир.

Юқорида кўрсатиб ўтилган ҳаракатлар энг кам иш ҳақининг 100 дан 300 баробаригача жарима солинишига ё 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ё 3 йилдан 5 йилгача муддатгача озодликни чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача муддатга озодликдан маҳрум этиш жазосини қўллашга сабаб бўлади.

Бундай ҳаракатлар катта миқдорда, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, олдиндан тил бириктирган ҳолда, ОАВ ёки телекоммуникация тармоқлари, шунингдек, интернетдан фойдаланган ҳолда амалга оширилса, энг кам иш ҳақининг 300 дан 500 баробаригача жарима солинишига ё 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум этишга олиб келиши мумкин.

Жуда йирик миқдорда, ўта хавфли рецидивист, шунингдек, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб амалга оширилган шундай ҳаракатлар 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top