Ўзбекистон киберфирибгарлар учун «қайноқ бозор»лардан бирига айланиб қолди. Охирги пайтларда мўмай даромад ваъда қилиб, ўн минглаб инсонларни миллиардларга чув туширган молиявий пирамидалар ҳақида тез-тез эшитадиган бўлиб қолдик. Шунга қарамай, бундай кўринишдаги фирибгарликнинг бозори касод бўлиш ўрнига «гуллаб-яшнаяпти». Хўш, молиявий пирамида нима, у қандай ишлайди? Нега ўзбекистонликлар фирибгарларнинг тузоғига осонгина тушяпти? Алданиб қолмаслик учун нималарга эътибор бериш керак? Жиноятчилар асосан қандай схемаларни қўллаяпти?   

Молиявий пирамида нима?

Молиявий пирамидаларнинг ишлаш механизми тизимга мунтазам равишда янги одамларни ва уларнинг сармояларини жалб этишга асосланади. Бу жараёнда тармоққа аввал қўшилганларнинг фойдаси фақатгина кейинги қўшилганларнинг пуллари ҳисобидан қоплаб борилади. Кўпинча бундай лойиҳалар ўз аъзоларидан маълум бир миқдорда бадал тўлашни ҳамда камида икки ёки ундан кўп одамни тармоққа олиб киришни талаб қилади. Ушбу шартлар бажарилган тақдирда, киритилган маблағни жуда катта улуш билан қайтариб бериш кафолатланади.

Кўп ҳолларда пирамидалар қонуний тижорат корхонаси ниқоби остида рўйхатдан ўтади ва қандайдир сохта лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида «инвестиция» йиғаётганини иддао қилади. Улар мижозларга узоқ муддатли ва ҳаддан ташқари юқори даромадни ваъда қилишади, гарчи бу иқтисодий жиҳатдан мутлақо имконсиз бўлса ҳам. Аслини олганда, бундай тузилмалар ҳеч қандай реал маҳсулот ёки қиймат яратмайди, уларнинг фаолияти фақат янги аъзоларнинг тўловларига боғлиқ. Айнан шу жиҳати билан пирамидалар ҳақиқий бизнесдан кескин ажралиб туради. Ҳеч қандай ишлаб чиқаришнинг йўқлиги ва бажариб бўлмас ваъдалар сабабли, ҳар қандай молиявий пирамида охир-оқибат қулайди. Пирамида асосчилари аввалига одамларнинг ишончига кириш мақсадида дастлабки аъзоларга ваъда қилинган фойдани тўлаб беришади. Тўловлар ҳақидаги хабарлар эса қариндош-уруғ ва таниш-билишлар орасида тез тарқалиб, ташкилотчиларнинг «бизнеси» янада гуллашига хизмат қилади.

Ўзбекистон тарихида кузатилган энг йирик ва шов-шувли молиявий фирибгарлик тармоғи, шубҳасиз, чинозлик Аҳмаджон Турсунбоев ҳамда унинг шериклари томонидан яратилган. Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида «Аҳмадбой иши» доирасида 11 минг 700 киши жабр кўргани ва уларга етказилган умумий моддий талафот 418 миллиард 293 миллион сўмни ташкил этгани маълум бўлади. Бу ўша пайтдаги расмий курс бўйича 142 млн доллардан ортиқни, қора бозордаги курс бўйича эса қарийб 70 млн долларни ташкил этган.

У одамлардан нақд пул, автомобил ва чорва молларини йиллик 100 фоизлик, баъзан ундан ҳам юқори кафолатланган даромад ваъдаси билан йиғиб олади. «Аҳмадбой» моделида шаффофликдан асар ҳам бўлмаган: одамлар оддий тилхат ёки дафтар ёзуви асосида бутун бойликларини топшириб кетаверган. Ушбу схема жамиятда ишонч феноменининг қанчалик кўр-кўрона ишлашини амалда исботлаб ҳам берди.