Реклама ортидаги тузоқ
2024 йил ёзида институтни тамомладим. Ишга жойлашиш учун кўп жойга ҳужжат топшириб кўрдим, аммо натижа бўлмади. Шундан сўнг Instagram’даги эълонларни кузатиб, ўзимга мосроқ иш излай бошладим.
Шундай кунларнинг бирида онлайн иш таклиф қилинган рекламани кўриб қолдим. Унда интернет орқали ишлаб, яхши пул топиш мумкинлиги айтилганди. Реклама остидаги тугмани босиб, телефон рақамимни қолдирдим. Кўп ўтмай, мен билан Telegram орқали боғланишди.
Таклиф этилаётган иш бир қарашда жуда оддий эди: видео томоша қилиб, турли вазифалар бажарилса пул тўланиши айтилди. Бу мени қизиқтириб қўйди. Шу сабабли компания ҳақида батафсилроқ сўрай бошладим: номи PGM — Pioneer Global Media экан.
“Асосий фаолиятимиз маҳсулотларни интернетда реклама қилиш. Махсус иловамиз бор. Сиз ўша ерда видео томоша қиласиз ва кунлик вазифаларни бажарасиз. Бу орқали эса даромад оласиз. Компания реклама орқали тушадиган фойдани ишчиларга тақсимлаб беради. Бош офисимиз Лондон шаҳрида жойлашган”, деди у.
Таклиф менга маъқул бўлди. 2025 йил апрел ойида PGM платформасида рўйхатдан ўтиб, ундан фойдалана бошладим.
Ишончли кўринганди
Дастлаб пул тикиш талаб қилинмади. Ҳар куни 4 тадан, икки кунда 8 та вазифани бажардим. Платформадаги ҳисобимга 16 минг сўм тушди. Маблағни тажриба сифатида банк картамга ўтказиб кўрдим. Тушди. Сумма кичик бўлса-да, таклиф этилган онлайн иш ростдан пул тўлаб бераётганига ишондим.
Орадан кўп ўтмай, кўпроқ пул топиш учун платформадаги даражалардан бирини сотиб олишим кераклиги айтилди. Даража қанча юқори бўлса, вазифалар сони ва улар учун тўланадиган ҳақ ҳам шунча ошиб борарди.
Бошланғич даража, яъни Ф1 учун тўлов қилдим. Бу даражанинг депозит мажбурияти 141 минг сўм эди. Унда кунига 4 та вазифа берилар, уларнинг ҳар бирига 2 минг сўмдан тўланарди. Иш куни эса 6 кун қилиб белгиланганди. Шунда бу даражада кунига 8 минг сўмдан бир ойда 144 минг сўм ишлаш мумкин эди.
Мен топган пулимни депозитга қўйиб, юқорироқ даражага ўтишга ҳаракат қила бошладим. Чунки, даража юқори бўлгани сари депозит суммаси ҳам, даромад ҳам ошиб борарди. Ҳатто ногиронлик нафақамни ҳам шу ишга тикдим.
PGM’даги даромадим кўпайиб бораётгандек эди. 2025 йил июн ойида навбатдаги даражага ўтиш учун 3 млн 550 минг сўм керак бўлди. Танишимдан қарз олиб, тўловни амалга оширдим. Мен бу ишни оддий қўшимча иш эмас, балки асосий даромад манбаига айлантиришни ўйлай бошлагандим.

















