Энди “ўзимизники” бор

Ўзбекистонда кўплаб одамлар чув тушган молиявий пирамидаларнинг барчаси бир хил схемада ишлаган: инвестиция киритинг, кунлик даромад олинг ва бошқаларни таклиф қилиш эвазига бонусларга эга бўлинг. Аслида, молиявий пирамидаларни айни шу уч устун “кўтариб туради”.

Бундай лойиҳалар бирор алдовга асосланади. Масалан, “Parker” powerbank ижараси, Whats, Aif, HNK ва XCM каби молиявий пирамидалар видео томоша қилиш, OMD китоб ўқиш, FastAI робот сотиб олиш орқали пул ишлаш таклифи билан танилганди.

Бу платформаларнинг ҳаммаси чет элда рўйхатдан ўтказиб келинган. Масалан, “орган” ходимлари ҳам тарғиботига қўшилган XCM молиявий пирамидаси сайти Канада давлатида Сингапур уяли алоқа рақами орқали рўйхатга олингани аниқланган.

Эндиликда одамларни чув туширишга қаратилган ва молиявий пирамидага асосланган сайт uz доменида ҳам пайдо бўлди. Бу – diram.uz сайти.

Сурат 01

Услуб қандай?

Ҳар бир молиявий пирамида ўз алдов услубига эга бўлади. Diram анъанавий усуллар ҳисобланган видео томоша қилиш, китоб ўқиш ёки бирор буюм ижарасини эмас, мевали дарахт ниҳолини сотиб олиб, “боғ яратиш”ни таклиф этади.

Сурат 02

Бироқ, бу ҳақиқий боғ эмас, шунчаки депозит қўйиш, кунлик даромад ва бонус ваъдалари ана шу услуб ортига яширилган.

Депозит қўйиш – diram’да бу мевали дарахт ниҳолини сотиб олиш билан ифодаланади. Мевали дарахтлар сони 5 та. Улар мева турига қараб нархи ошиб борган. Масалан, энг арзони ўрик. Ушбу дарахт ниҳолини 100 минг сўмга “сотиб олиш” (аслида, бу тикиладиган пул) мумкин.

Сурат 03

Шу тариқа, 300 минг сўмга анор, 1 млн сўмга шафтоли, 3 млн сўмга ёнғоқ ҳамда 5 млн сўмга писта ниҳолларини олиш таклиф этилган. Гарчи мевалар номи билан аталган бўлса-да, булар молиявий пирамида тарифлари ҳисобланади.