15:54 / 17.12.2019
1
4637

МСК раиси: «Камчиликларимизни кўрсатиб беришаётгани учун журналист ва блогерларга раҳмат»

Фото: Марказий сайлов комиссияси

17 декабрь куни Халқаро матбуот марказида бўлиб ўтган Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлисида МСК раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов танқидий чиқишлари орқали Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашларнинг депутатлари сайловига тайёргарлик жараёнидаги камчиликларни кўрсатиб бераётган журналист ва блогерларга миннатдорчилик билдирди.

«Интернет сайтлари, матбуот нашрлари, радио ва телевидениеда сайловга оид 60 мингдан ортиқ чиқиш қилинди. Бунинг ичида икки мингдан ошиғи танқидий материаллардир. Бу материаллар учун журналистларимизга, блогерларимизга раҳмат айтишимиз керак. Камчиликларимизни кўрсатишяпти. Уларнинг чиқишлари орқали қаерда, қандай камчиликларга йўл қўяётганимизни билиб оляпмиз. Танқидий чиқишлардан кейин дарҳол камчиликларни бартараф этиш чорасини кўряпмиз. Бу – ҳаммамиз учун ҳам яхши бир йўналиш. Айниқса, сайлов жараёнида очиқлик, матбуот эркинлиги таъминланаётганидан хурсанд бўлишимиз керак», дея Мирзо Улуғбек Абдусаломовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

У айрим номзодлар ҳақидаги плакатлар, сайловолди ташвиқотига оид баннерлардаги хатолар айнан блогерларнинг чиқишлари орқали аниқланиб, Марказий сайлов комиссиясининг аралашуви билан бу каби муаммолар тезда бартараф этилганини қайд этиб ўтган.

МСК аъзоси Алишер Исоқбоевнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳозирги кунга қадар аккредитациядан ўтказилган маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари сони 283 нафарга, хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари сони эса 99 нафарга етди.

Бугунги мажлисда Сайлов кодексининг 14, 16 ва 35-моддалари ҳамда Марказий сайлов комиссиясининг 2019 йил 5 октябрдаги 952-сон қарори билан тасдиқланган Сайлов кампанияси даврида оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ Белгиянинг «Diplomat Magazine» журнали, АҚШнинг «Радио свобода» Европа хизмати, Таиланднинг «NBT World» телеканали, Швейцариянинг «Diva International» журнали, «Kun.uz» интернет нашри, «Podrobno.uz» янгиликлар агентлигининг сайловларни ёритишда иштирок этувчи 20 нафар журналистни аккредитациядан ўтказиш бўйича қарор қабул қилинди.

Шунингдек, тадбирда сайловга оид таҳлилий материалларнинг кам экани, оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларнинг аксарияти шахсий фикр, шов-шувли хабарлардан иборат бўлиб қолаётгани танқид қилинди.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top