Ўзбекистон | 15:00 / 17.12.2019
8769
2 дақиқада ўқилади

МСК раиси: «Сайлов комиссиялари аъзоларига тарқатиладиган пулларга кўз олайтирганларга нисбатан жиноят иши қўзғатилади»

Марказий сайлов комиссияси

Марказий сайлов комиссияси раиси Мирзо Улуғбек Абдусаломов жойларда сайлов комиссиялари аъзоларига тарқатиладиган пул ҳалигача эгаларига етиб бормагани кузатилаётгани ҳақида гапириб, бу пулларга кўз олайтираётганларга нисбатан жиноят иши қўзғатилишини таъкидлади.

«Сайлов участкаларида ишлаётганларга иш ҳақини тарқатиш бўйича жойларда муаммолар кузатиляпти. Бизга берилган маълумотларга кўра, сайлов комиссиялари ишига жалб қилинган ходимларга ажратилган пуллар юз фоиз тарқатилган. Лекин, афсуски, ушбу пуллар айрим участкаларга етиб бормаган кўринади. Бу ҳақда Call-марказимизга мурожаатлар бўляпти, ижтимоий тармоқларда ёзиляпти. Бугун – сайлов комиссиялари аъзоларига транспорт ва бошқа харажатларни қоплаш учун компенсация тўловлари тўлиқ етказиб бериш учун охирги кун.

Яна бир гап. Баъзи жойларда сайлов комиссиялари аъзоларига тарқатиладиган пулга ҳам кўз олайтираётганлар чиқяпти. Бу – умуман чидаб бўлмайдиган ҳол. Қаерда шундай ҳолат аниқланса, билиб қўйинглар, жиноят иши қўзғаттирамиз, тўпланган маълумотларни прокуратурага берамиз, ишни охиригача етказамиз», дея МСК раисининг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

МСК раиси ўринбосари Маҳмуд Истамовнинг Kun.uz’га маълум қилишича, 2019 йилнинг 9 декабридан бошлаб округ ва участка сайлов комиссиялари раисларига 500 минг сўмдан, комиссиянинг бошқа аъзоларига 250 минг сўмдан компенсация тўланиши белгиланган. Бу солиқ чегирилгандан кейин қўлга тегадиган миқдор. Жорий йилдаги сайлов кампанияси учун давлат бюджетидан 230 миллиард сўм ажратилган бўлса, шундан 70 миллиард 600 миллион сўми, яъни 30,6 фоизи сайлов комиссиялари ишига жалб қилинган комиссия аъзоларига қўшимча компенсация тўловлари учун сарфланади. Комиссия аъзолари меҳнатига ҳақ тўланиши учун вилоят, туман шаҳар сайлов комиссиялари раислари жавобгардир.

Эслатиб ўтамиз, округ ва участка комиссия аъзолари 2019 йил 12 ноябрдан бошлаб доимий равишда фаолият олиб бормоқда. 

Жамшид Ниёзов
Тайёрлаган Жамшид Ниёзов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид