Жамият | 14:40 / 17.12.2019
25779
3 дақиқада ўқилади

Зарафшонда ички ишлар ходими оғир яраланди, аммо жиноятчини қўлга олди

Фото: postda.uz

Жорий йилнинг 14 декабрь куни Навоий вилояти Зарафшон шаҳри 2-кичик туманида яшовчи 1979 йилда туғилган Ҳ.Ж. уйига маст ҳолда қайтиб, арзимас сабабни баҳона қилиб жанжал кўтаради. 

Postda.uz’нинг ёзишича, у спиртли ичимлик таъсирида ақл-ҳушини йўқотиб, турмуш ўртоғи ва фарзандларини аёвсиз ҳақорат қила бошлайди. Турмуш ўртоғи Р.И.ни ўлдиришини айтиб, уйида пичоқ излай бошлаганда эса вазият фожиали тугаши мумкинлиги ойдинлашади.

Фарзандлари уйдаги кесувчи жисмларни яширишга улгургани сабабли уйдан қўлига илинарли бирор нарса тополмаган Ҳ.Ж. пичоқ излаб кўчага отланганидан фойдаланган Р.И. ҳудудда хизмат олиб бораётган Зарафшон шаҳар ИИБ ҲПБ профилактика инспектори, лейтенант Фарид Соибовга мурожаат қилади.

Вазиятни тўғри баҳолаган профилактика инспектори жамоат тартибини сақлаш бўйича ёрдамчиси З.Эркинов билан бирга воқеа жойига етиб бориб, жанжалдан ўтакаси ёрилган болаларни тинчлантиради.

Кўчадаги дўкондан ошхона пичоғини сотиб олиб, уйига қайтган Ҳ.Ж. эшик олдида ички ишлар органи ходимини кўргач, ичкарига киришга ҳаракат қилади. Бироқ бунга йўл қўймаган лейтенант Ф.Соибов вазиятга ойдинлик киритиш учун гаплашиб олишлари лозимлигини маълум қилади. Шу пайт фуқаро Ҳ.Ж. енги ичида яшириб олган пичоқ билан унинг қорин қисмига бир неча марта жароҳат етказиб, ичкарига бостириб киради.

Оғир жароҳат олган бўлишига қарамасдан ўзини йўқотиб қўймаган ва инсон ҳаётини сақлаб қолишни бурчи деб билган профилактика инспектори Ҳ.Ж.ни қўлга олиб, зарарлантиришга муваффақ бўлади.

Ф.Соибов оғир аҳволда шаҳар тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилди. Ўз вақтида зарур чоралар кўрилгани сабабли ички ишлар органи ходимининг ҳаёти сақлаб қолинди.

Фуқаро Ҳ.Ж.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олинди.

Юқори жанговар шайлик ва жасорат намунасини намойиш этган лейтенант Ф.Соибовни рағбатлантириш чоралари кўрилмоқда, дейилади хабарда.

Мавзуга оид