Шота Арвеладзе Барселонада
Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони ва кубоги соҳиби Тошкентнинг «Пахтакор» клуби бош мураббийи Шота Арвеладзе таътилни Европада ўтказмоқда. Грузиялик мутахассис ва унинг ўғли чоршанба куни Каталониядаги «Камп Ноу» стадионида ўтган «Барселона» - «Реал» (0:0) ўйинини ўйингоҳнинг ўзидан томоша қилишди. Испанияда таътилда бўлган Арвеладзе “инстаграм”даги саҳифасида «Эль-Класико»дан расм жойлаган. Хорижлик мураббий янги йил байрамидан кейин Тошкентга қайтиши режалаштирилган.
Бабаян Хитойда, Фёдоров Москвадан келди
Якунланган мавсумда Суперлигада 2-ўринни эгаллаган «Локомотив» клуби чемпионат тугаганидан сўнг бош мураббий Самвел Бабаян билан хайрлашди. Миллий жамоамиз собиқ бош мураббийи Хитойнинг «Чаньчунь Ятай» клубида иш бошлаганлигини эълон қилди. Янги мураббий сифатида «Локомотив»га яна қайтарилган Андрей Фёдоров эса 20 декабрь куни Москвадан Тошкентга қайтди. «Темирйўлчилар» устози январдаги ОЧЛ саралаш баҳсларига тайёргарликни бошлади.
Вадим Абрамов Москвада
Ўзбекистон миллий жамоаси ҳамда «Бунёдкор» клуби бош мураббийи Вадим Абрамов ҳам қишки таътилни хорижда ўтказмоқда. 57 ёшли мураббий оғир мавсумдан кейин Россия пойтахти Москвада соғлиғини тиклаш билан банд. «Бунёдкор» клуби январь ойидан ОЧЛ саралаш баҳсларига киришиши боис, клуб янги мавсумга тайёргарликни бошлаб юборган. Вадим Карленович 20 декабрдан кейин Тошкентга қайтади.
Бақоев Қозоғистон ва Таиландга бориб келди
2019 йилги мавсум кашфиётига айланган «Сўғдиёна» клуби чемпионат охирига қадар ОЧЛ йўлланмаси учун кураш олиб борди, аммо якунда йўлланма «Бунёдкор»га насиб этди. Шунга қарамай, Улуғбек Бақоев бошқарувига ўтиб, бутунлай бошқа жамоага айланган Жиззах клубининг совринли ўринлар учун курашиши таҳсинга сазовор натижадир. Танаффус пайтда Тошкентда ташкил этилган «Про» лицензияси учун ўқув-семинарида иштирок этган Бақоев, лицензия мажбурияти доирасидаги хориждаги малака оширишни Қозоғистонда ўтади. Муваффақиятли мавсумдан кейин эса Улуғбек Бақоев Таиландда бўлиб, бир ҳафта давомида ҳордиқ чиқариб қайтди.
Андрей Шипилов Санкт-Петербургда
«Металлург» клуби учун ҳам мавсумни муваффақиятли ўтди, дейиш мумкин. Бекободликлар 16 йил давомида кучли бешликка яқинлаша олмагандилар, сўнгги икки мавсумдан буён эса Андрей Шипилов қўл остида кетма-кет 5-ўриндан жой олишмоқда. Россия фуқаролигига эга мутахассис айни дамда Санкт-Петербургдаги уйида қишки таътилни ўтказмоқда. «Маъданчилар» январь ойи бошидан янги мавсум тараддудини бошлашади.










