Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионатида биринчи давра ўйинлари тугади. Амалдаги чемпион «Нефтчи» ҳамон етакчилик қилмоқда. «Пахтакор» иккинчи, ўтган ёлги кубок финалчиси «Бухоро» учинчи ўринда. Одатда биринчи даврадан кейин танаффус бўлар, пули борлар бирор ерда йиғин ўтказиб келарди. Трансфер ойнаси ҳам танаффус вақтида очиқ бўларди. Бироқ бу йил ЖЧ сабаб тақвим ўзгариб кетди, иккинчи давра эртадан бошланади.

Бу йилги чемпионат доимгидан кўп муҳокама қилинмоқда, ЖЧ сабаб эмас, давлат футбол клубларига тўғридан-тўғри пул бериши очиқ-ойдин эълон қилина бошлагани учун. Клублар давлатдан қанақа катта пул олишини билган оддий одамлар ўзбек футболига нисбатан кескин фикр билдирмоқда. Бу йилдан клублар янги реалликка дуч келмоқда.

Қуйида юқори дивизиондаги биринчи давра якунлари, тарқалиш ёқасига келиб қолган клублар, ироқлик футболчиларни тўплаётган «Пахтакор» ва ЖЧдан кейин амалга ошган илк йирик трансфер ҳақида гаплашамиз.

«Нефтчи» етакчи

Ўқувчиларимизнинг ҳаммаси ҳам футболга қизиқмайди, шу сабаб қисқача футбол бўйича Ўзбекистон юқори дивизиони ҳақида маълумот бериб кетсам. Европада бир давлатда 4-5 талаб профессионал лигалар борлиги ҳақида эштган бўлсангиз керак. Бизда фақат битта профессионал лига бор, уни Суперлига деб аташади. Лигадаги барча жамоалар, қандай йўл билан билмадим, ҳар йили ОФК лиценсиясидан эсон-омон ўтади. Яъни, Осиё миқиёсидаги мусобақаларда қатнашиши мумкин деган ҳужжат олади.

Лекин энг юқори дивизиондаги жамоаларнинг аксарини профессионал дейиш қийин. Ҳар йили бир нечта жамоа мавсумни ўз стадионида ўтказмайди, аксар стадионларда Wi-Fi ишламайди, кийиниш хоналарида иссиқ сув йўқлиги ҳақида ҳам тез-тез эшитиб қоламиз. Баъзи стадионларга кириш бепул, Тошкентдаги стадионларга кираётганингизда лотерея ҳам бериб қолишади. Хуллас, ана шунақа ўзимизга яраша Суперлига. Мусобақада 16 жамоа қатнашади. Деярли барча вилоятнинг бош жамоалари. Фақат Қорақалпоғистон ва Сирдарёдан жамоа йўқ. «Орол» ҳозирча Про-Лигада, «Гулистон» Биринчи лигада етакчи.

Ўтган йили Фарғонанинг «Нефтчи» жамоаси 24 ўтиб яна Ўзбекистон чемпиони бўлди. Жамоа ҳозир ҳам 36 очко билан жавдалда етакчи. Ислом Исмоилов мураббийлигидаги фарғоналиклар биринчи даврада ўтказилган 15 та ўйиннинг 11 тасида ғолиб бўлди, 3 та ўйинда дуранг ўйнади ва фақат 1 марта – ўз майдонида «Пахтакор»га енгилди. «Нефтчи» биринчи даврада ҳаммадан кўп 33 та гол уриб, ҳаммадан кам 6 та гол ўтказиб юборди. Тўплар нисбати +27, ҳақиқий етакчи.