Қаршидаги «Марказий» стадионда «Насаф» ва «Нефтчи» ўртасидаги учрашув куннинг энг сермаҳсул баҳси бўлди. Мезбонлар биринчи бўлимнинг ўзида тўртта жавобсиз гол урди. Умарбек Эшмуродов ҳисобни очди, шундан кейин Бобур Абдухолиқов, Шароф Муҳиддинов ва Аденис Шала фарқни йириклаштирди.

Иккинчи бўлим бошида Бобур Абдухолиқов яна бир бор гол уриб, дублни расмийлаштирди. «Нефтчи» сафида Алишер Одилов ҳисобни қисқартирди, аммо 80-дақиқада Алибек Давронов «Насаф»нинг олтинчи голини урди. Учрашув якунида Стипе Перица фарғоналикларнинг иккинчи голига муаллифлик қилди — 6:2.

Шу тариқа, чемпионатда пешқадам бўлиб турган «Нефтчи» мавсумдаги навбатдаги мағлубиятини қабул қилиб олди. «Насаф» эса 20 ўйиндан кейин очколари сонини 28 тага етказди.

Тошкентда «Пахтакор» «Андижон»ни 3:0 ҳисобида мағлуб этди. Ҳисоб 21-дақиқада Заид Таҳсиннинг голи билан очилди. Орадан саккиз дақиқа ўтиб, Сардор Собирхўжаев иккинчи голни урди. 69-дақиқада Муҳаммадрасул Абдумажидов якуний ҳисобни ўрнатди.

Наманганда «Навбаҳор» ва «Локомотив» баҳси 1:1 ҳисобида якунланди. 40-дақиқада Ҳусайн Норчаев Муҳаммадали Усмоновнинг узатмасидан сўнг мезбонларни олдинга олиб чиқди. Иккинчи бўлимда «Локомотив» ҳисобни тенглаштирди: Жасур Яхшибоев Билол Тўплиевнинг узатмасини голга айлантирди.

Бу натижа билан «Навбаҳор»нинг Суперлигадаги кетма-кет ғалабалар серияси ҳам тўхтади.

Тошкентдаги «Жар» стадионида ўтган «Бунёдкор» — «Сурхон» учрашувида эса меҳмонлар 1:0 ҳисобида зафар қучди. 67-дақиқада «Бунёдкор» ҳимоячиси Ислом Анваров майдондан четлатилди. Бир киши кўп бўлиб ҳаракат қилган «Сурхон» 77-дақиқада натижага эришди — Комронбек Юсуповнинг узатмасидан кейин Торнике Дзебниаури учрашувдаги ягона голни киритди.

Шу тариқа, 4 сентябр куни Суперлигада ўтказилган тўрт учрашувда жами 14 та гол урилди:

«Бунёдкор» — «Сурхон» — 0:1
«Навбаҳор» — «Локомотив» — 1:1
«Насаф» — «Нефтчи» — 6:2
«Пахтакор» — «Андижон» — 3:0.

20-турнинг қолган учрашувлари 5 сентябр куни ўтказилади. Тур тақвимига кўра, «Қўқон-1912» — «Динамо», «Сўғдиёна» — «Машъал» ва «Қизилқум» — «Бухоро» баҳслари режалаштирилган.