«Бунёдкор», «Бухоро», «Динамо», «Қизилқум», «Навбаҳор», «Насаф», «Нефтчи», "Локомотив”, «Машъал», ОКМК, «Пахтакор» футбол клубларини ишончли бошқарувга бериш бўйича танлов эълон қилинади.
Қайд этилишича, бунда тадбиркор ёки тадбиркорлар гуруҳи профессионал футбол клублари фаолияти билан боғлиқ йиллик барча харажатларнинг камида 20 фоизи миқдорида ҳомийлик маблағларини киритиши лозим.
Профессионал футбол клубларини ишончли бошқарувга олган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида улар учун қуйидаги имтиёзлар назарда тутилади:
фойда солиғини ҳисоблашда юридик шахсларнинг солиқ солинадиган фойдаси клублар фаолиятини молиялаштиришга йўналтириладиган ҳомийлик хайриялари шаклидаги маблағлар суммасига, бироқ солиқ солинадиган фойданинг 10 фоизидан ошмаган миқдорда камайтирилади;
футбол клублари футболчилари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлашдан озод қилинади ҳамда улар учун ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланади;
ликвидли гаров таъминотини (клуб балансида бўлган бино, иншоот ва ер майдонлари бундан мустасно), шунингдек истиқболли бизнес-режаларни тақдим этган ҳолда тижорат банклари томонидан клубларни сотиб олиш ёки спорт объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш ишлари учун 1 йиллик имтиёзли давр билан 5 йил муддатга йиллик 14 фоиз ставкада кредит ажратилади;
клубни бошқарувга олган тадбиркорларнинг ўз маҳсулот (хизмат)ларини спортни оммалаштириш ва янада тарғиб қилишга йўналтирилган эфирлар трансляцияси давомида Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси тизимидаги марказий ва ҳудудий телеканалларда реклама қилишда 50 фоизлик чегирмалар берилади.
















