Ўзбекистон | 11:15 / 26.12.2019
23095
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада қатор ички ишлар ходимлари ишдан олинди, 68 нафар ходим огоҳлантирилди 

Фото: ИИВ ахборот хизмати

Фарғонада Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири ўринбосари ҳамда Ўз хавфсизлик бошқармаси бошлиғи иштирокида ички ишлар бошқармаси ва ҳудудий бўлинмаларида хизмат қилаётган ходимлар билан хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишни вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Раҳмат Маматов бошқариб борди. Унда кун тартибидаги масала – ходимлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар, хизмат интизомининг бузилиши, шунингдек, келгусида ходимлар ўртасида салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасида атрофлича сўз юритилди.

Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда фаолиятида хато ва камчиликларга йўл қўйган айрим ходимларга нисбатан турли хил интизомий таъсир чоралари кўрилди. Масалан, фаолиятида кечириб бўлмас хатога йўл қўйган 2 нафар ходимни ички ишлар органлари сафидан бўшатиш, 2 нафар ходимни хатти-ҳаракатига интизомий жазо сифатида махсус унвонини бир поғонага пасайтириш бўйича таклиф киритилди. Хизмат интизоми ва қонунчиликни бузишга мойил 10 нафар ходимнинг фаолиятини интизомий кенгашларда муҳокама қилиб, уларни ички ишлар органларида қолиш-қолмаслик масаласини ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди. 2 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. 6 нафар ходимга қаттиқ ҳайфсан берилди. 68 нафар ходим эса огоҳлантирилди.

Шунингдек, тадбир жараёнида ўз бурчи ва қасамёдига содиқ қолиб, жиноятчиликнинг олдини олган 2 нафар ходимга пул мукофоти, уларнинг ота-онасига эса ташаккурномалар тақдим қилинди. 10 нафар ходимга эса оилавий шароитини яхшилаш учун моддий кўмак кўрсатилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид