Ўзбекистон | 09:32 / 06.01.2020
79608
5 дақиқада ўқилади

Муддатли ҳарбий хизматдаги ҳарбийларга ОТМга кириш учун тавсияномалар бериш тартиби эълон қилинди

Фото: KUN.UZ

Муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун тавсияномалар бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Муҳокама учун эълон қилинган ҳужжат лойиҳасига кўра, тавсияномалар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган, жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик бўйича юксак натижаларга эришган, зарурий билим савиясига эга, намунали ҳарбий интизомини намоён этган энг муносиб ҳарбий хизматчиларга ҳарбий қисм командири томонидан берилади.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга ҳарбий қисмлар қўмондонлиги томонидан олий таълим муассасаларига кириш учун берилган тавсияномалар, улар берилган санадан бошлаб уч йил мобайнида амал қилади.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномаларига эга бўлган:

фуқаролар республиканинг олий ҳарбий таълим муассасаларидаги тегишли таълим йўналишларига ўқишга киришда тест синовлари натижаларига кўра тўплаган балларининг 50 фоизи миқдорида қўшимча балл шаклидаги имтиёзга эга бўладилар;

абитуриентларни республиканинг олий таълим муассасалари (олий ҳарбий таълим муассасалари бундан мустасно) бакалавриатига ўқишга кириши учун тегишли ўқув йилига тасдиқланадиган олий таълим муассасаларига қабул параметрларидан ташқари алоҳида қабул кўрсаткичлари ажратилади ва улар ушбу кўрсаткичлар доирасида танловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Гуруҳ (бўлинма) командирлари томонидан ўқув йили дастури асосида муддатли ҳарбий хизматчиларнинг жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотлари натижалари бўйича рейтинг кўрсаткичлари юритилади.

Муддатли ҳарбий хизматчиларнинг ҳар ой жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотлари бўйича ўқув фанларидан қўйилган баҳоларининг рейтинг кўрсаткичлари асосида ҳисоблаш орқали амалга оширилади.

Ўқув фанларидан қўйилган баҳоларнинг ўртача кўрсаткичи уларнинг ўқув фанлари бўйича юритиладиган журналларда акс эттирилиб борилади ва ушбу асосда бутун ўқув йили давомида ҳисоблаб борилади.

Жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик журналларида муддатли ҳарбий хизматчига ўқув фанларидан қўйилган баҳолар уларнинг ўртача кўрсаткичини ҳисоблаб чиқариш учун асос бўлади. Бунда, барча ўқув фанларидан қўйилган баҳолар йиғиндиси ўтилган ўқув фанларининг сонига бўлинади. Масалан, агар муддатли ҳарбий хизматчи ой давомида отиш тайёргарлиги машғулотларида 4 баҳо, тактик тайёргарлик машғулотларида 5 баҳо, маънавий-маърифий тайёргарлик машғулотларида 4 баҳо олган бўлса, ўртача кўрсаткич қуйидагича ҳисобланади: 4+5+4=13 : 3 = 4,3.

Ўқув йили якунида тест синовлари ўтказилишидан олдин ҳарбий қисм шахсий таркиби рўйхатига киритилган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг 40 фоизига қўшимча балл берилади. Бунда, ўқув фанларидан қўйилган якуний ўртача кўрсаткич 4,0 дан 5 гача бўлган муддатли ҳарбий хизматчиларга қуйидаги тартибда қўшимча балл берилади:

4,0 дан 4,3 гача – 10 балл;
4,4 дан 4,7 гача – 15 балл;
4,8 дан 5,0 гача – 20 балл.

Агар бир нечта муддатли ҳарбий хизматчиларнинг якуний ўртача кўрсаткичлари тенг бўлиб қолиши натижасида 40 фоизли чекловга амал қилишнинг имкони бўлмаса, ушбу ҳарбий хизматчиларнинг барчасига баллар берилади. Умумий баҳоси 4,0 дан кам бўлган ҳарбий хизматчига баллар ҳисобланмайди.

Ҳар ойда муддатли ҳарбий хизматчиларнинг ўқув фанларидан эгаллаган кўрсаткичлари умумлаштирилиб, пасайиб бориш тартибида тузиладиган Рейтинг натижаларининг ойлик ведомости расмийлаштирилади ҳамда взвод (бўлинма) командирларининг ўринбосарлари билан келишилган ҳолда ҳар ойнинг тўртинчи пайшанба куни батальон (батальонга тенглаштирилган бўлинма) командирига тақдим этилади. Рейтинг натижаларининг ойлик ведомости муддатли ҳарбий хизматчилар хизмат муддатини ўтаб бўлгандан кейин беш йил давомида сақланади.

Батальон командири взвод (бўлинма) командирлари томонидан тақдим қилинган муддатли ҳарбий хизматчиларнинг рейтинги ҳақидаги маълумотларни умумлаштиришни ташкиллаштириб, Ойлик рейтинг ведомостини расмийлаштиради ва батальон командирининг ўринбосарлари билан келишган ҳолда ҳар ойнинг тўртинчи жума куни ҳарбий қисм командирига тақдим этади. Ойлик рейтинг ведомости муддатли ҳарбий хизматчилар хизмат муддатини ўтаб бўлгандан кейин беш йил давомида сақланади.

Ҳарбий қисм командири бутун ўқув йили давомида муддатли ҳарбий хизматчиларнинг рейтинг натижаларининг ойлик мониторингини олиб боришни ташкил этади.

Жанговар ва маънавий-маърифий тайёргарлик журналлари муддатли ҳарбий хизматчиларнинг баҳолари ҳисоблаб бориладиган асосий ҳужжат ҳисобланади. Мазкур журналларга ўзгартириш киритиш ва уларни яроқсиз ҳолатга келтириш тақиқланади.

Ушбу журналларнинг тўғри юритилиши ва баҳоларнинг ҳаққонийлигини текшириб бориш юзасидан ҳар ойда бир маротаба взвод (бўлинма), батальон командири ва унинг ўринбосарлари томонидан текширилиб борилади ҳамда текширув натижалари имзо остида журналларга қайд этиб борилиши лозим.

Мавзуга оид