Бу тартиб президентнинг 2026 йил 29 сентябрдаги «Олий таълимда дуал таълим шаклида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ–209-сон фармонида белгиланди.
Ҳужжатга кўра, юқори малакали кадрларни тайёрлашда «корхона – олийгоҳ – мақсадли кадр» тамойили жорий этилади. Кадрлар иш берувчи корхоналарнинг буюртмалари асосида тайёрланади.
Қабул қандай амалга оширилади?
Дуал таълим шакли бўйича қабул қилинадиган бакалавриат йўналишлари ва қабул параметрларини олий таълим муассасасининг ўзи белгилайди. Бунда улар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилиши керак.
Қабул иш берувчи корхонанинг буюртмасига мувофиқ, тўлов-контракт асосида ҳар йили 1 октябрга қадар амалга оширилади.
Талабага қанча маош тўланади?
Дуал таълим олий таълим муассасаси, корхона ва талаба ўртасида тузиладиган уч томонлама шартнома асосида ташкил этилади.
Шартномага кўра, корхона талабага бутун ўқиш даври давомида ҳар ой меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган иш ҳақи тўлаши шарт.
Шунингдек, кадрлар тайёрлаш тизими битирувчини буюртма берган корхонага ишга қабул қилиш шартини назарда тутади.
Талабанинг ҳам мажбурияти бўлади
Талаба ўқишни тамомлаганидан сўнг мазкур корхонада камида икки йил ишлаб бериши керак. Ушбу мажбурият ҳам уч томонлама шартномада белгиланади.
Шу тариқа, янги тизимда корхонанинг кадрга бўлган эҳтиёжи, олийгоҳдаги таълим ва битирувчининг кейинги иш фаолияти ўзаро боғланади.








