Ўзбекистон | 10:29 / 07.01.2020
3777
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда радиотерапия ва позитрон-эмиссионли томография маркази ташкил этилади

Вазирлар Маҳкамасининг “Радиотерапия ва позитрон-эмиссионли томография марказини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг чет эл инвестицияси иштирокида “Тек grup saglik hizmetleri” МЧЖнинг Тошкент шаҳрида радиотерапия ва позитрон-эмиссионли томография марказини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда “Тек grup saglik hizmetleri"’ МЧЖга инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар белгиланган ҳолда марказни қуриш учун Тошкент шаҳар, Олмазор тумани, Шифокорлар кўчаси, 2-уйда жойлашган Тошкент тиббиёт академиясининг Кўп тармоқли клиникасига тегишли ер участкасининг Н 34 (геомаълумот нуқта) ҳудудидан доимий фойдаланиш учун 0,60 га ер участкаси ажратилишини таъминлайди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги бир ой муддатда белгиланган тартибда зарур бўлган коммуникация тармоқлари йўналиши ва жойлашишини ўзгартириш ҳамда ажратилган ер участкаси чегарасига қадар етказиб бериш чораларини кўради.

“Тек grup saglik hizmetleri” МЧЖ:

марказни қуриш ҳамда жиҳозлаш ишлари учун 7,5 млн. АҚШ доллари миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағларини жалб этиш;

марказни бир йил муддатда фойдаланишга топшириш ҳамда 20 тадан кам бўлмаган иш ўрнини яратиш;

радиотерапия ва позитрон-эмиссионли томография йўналишида 2020 йил давомида 5 нафар тиббиёт ходимини ўз ҳисобидан чет давлатларга малака ошириш курсларига ўқишга юбориш;

марказ ташкил этилгандан 8 йил давомида онкологик касалликларга чалинган беморларнинг (имтиёзли тоифадаги шахслар) уч нафарига ҳар ойда тўла равишда радиотерапия усулида даволаш ҳамда уч нафар беморни позитрон-эмиссионли томография текширувидан бепул ўтказиш бўйича инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни олган.

Белгиланишича, “Тек grup saglik hizmetleri” МЧЖ томонидан олинган инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлар бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда, ер участкасига бўлган ҳуқуқ унинг харажатлари қопланмаган ҳолда бекор қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказ ишга тушишидан аввал чет эл инвестицияси иштирокидаги “Тек grup saglik hizmetleri” МЧЖ билан амал қилиш муддати 8 йил бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни бепул радиотерапия бўйича даволаш ва позитрон-эмиссионли томография текширувидан ўтказиш тартиби ва ҳажмини белгиловчи шартнома имзоланишини таъминлайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид