Тегишли тавсиялар ташкилотнинг Twitter’даги саҳифасида эълон қилинган.
ЖССТ мутахассислари коронавирусдан ҳимояланиш учун қуйидагиларга амал қилишни тавсия қилишган:
- қўлларни совун билан ювиш ёки спиртли асосдаги воситалар билан артиш;
- йўталганда ёки аксирганда оғиз ва бурунни дастрўмол ёки билак билан ёпиш;
- шамоллаш ва грипп аломатларига эга одамларга яқинлашмаслик;
- гўшт ва тухумни истеъмол қилишдан олдин термик қайта ишлаш;
- ёввойи ҳайвонлар ва чорва билан ҳимояланмаган алоқалардан қочиш.
Хитойда 2019-nCoV коронавируси билан чақирилувчи зотилжамдан вафот этганлар сони 17 нафарга етди. Ҳозирда Хитойда ЖССТ мутахассислари иш олиб бормоқда. Вирус Хитой ташқарисига чиқиб, у билан касалланганлик ҳолатлари Жанубий Корея, АҚШ, Таиланд, Сингапур, Ҳонгконг ва Австралияда қайд этилган.
Аввалроқ вирус Россияга ҳам етиб борган бўлиши мумкинлиги, Шанхайдан Санкт-Петербургга келган бир йўловчи ушбу касалликка чалинганлик аломатлари билан шифохонага олиб кетилгани маълум қилинди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, чегараларда санитар-карантин пунктлари орқали ўтаётганларнинг сифатли тиббий-санитар кўрикдан ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зотилжамга ёки бошқа ўткир респиратор касалликларга чалинганлар шифохонага жойлаштирилмоқда.

















