Марс Қўчқоров. Спортга озгина ошно ёки бокс ҳақида тушунчаси бор одам бу мутахассисни албатта танийди. Бир сўз билан айтганда – Марс Галиевич афсонавий бокс мураббийи.

Марс Қўчқоров

У олимпиада чемпиони ва совриндорларини, жаҳон ва қитъада энг кучли дея тан олинган боксчиларни етиштириб чиқарган ва ҳозирда ҳам мураббийлик ишини давом эттирмоқда. Муҳаммадқодир Абдуллаев, Ўткир Ҳайдаров, Руслан Чагаев, Сергей Михайлов сингари жаҳон боксида довруғ таратган спортчилар ҳам Марс Қўчқоров қўл остида тарбия топган.

Мураббий дунёнинг кўплаб мамлакатларида фаолият юритган бўлиб, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози, иккинчи даражали «Соғлом авлод учун» ордени соҳибидир.

Маълумки, Андижон бокс мактаби нафақат Ўзбекистонда, балки жаҳонда ҳам кучли мактаблардан саналади. Бундан 20 йил олдин, 1999 йил АҚШнинг Хьюстон шаҳрида бўлиб ўтган бокс бўйича жаҳон чемпионатида Андижонда тарбия топган уч боксчи иштирок этиб, икки нафари чемпион, бири эса кумуш медал эгаси бўлган. Шундан бери анъана давом этиб келмоқда.

Олимпиада чемпиони Ҳасанбой Дўсматов, жаҳон ва қитъа миқёсидаги мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлиб келаётган Жасур Латипов ва Иқболжон Холдоровлар ҳам шу мактаб вакилларидир.

Бироқ Токио олимпиадаси сари  йўлланма учун курашадиган бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси таркибига назар ташлайдиган бўлсак, унда андижонликларни кўрмаймиз. Марс Қўчқоровдан Андижон бокс мактабидаги бу турғунлик сабаблари ҳақида изоҳ беришини сўрадик.

Мавжуд муаммолар ва Иқбол Холдоров спарринг баҳсда Элнур Абдураимовни ютгани ҳақида

Таниқли мураббий билан у фаолият юритаётган Андижон олимпия захиралари мактаб-интернатининг машғулот залида суҳбатлашдик.