Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дам олиш кунлари Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати 20 даражагача кўтарилади
Бугун ва эртага Ўзбекистон ҳудудига хорижий жанубий туманлардан жуда илиқ ҳаво оқими киришда давом этади
Дам олиш кунлари мамлакат ҳудудида аввалгидек ҳаво очиқ, ҳарорат 17-20 даража илиқ бўлади, бу ўртача кўп йиллик қийматлардан 10-12 даражага юқоридир.
«Ўзгидромет» хабарига кўра, республиканинг айрим жойларида шамол тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши кутилмоқда, шиддат билан эсганда шамол тезлиги секундига 23-28 метргача етиши мумкин.
Якшанба куни Ўзбекистон ҳудудига Ўрта Ер денгизи устида шаклланган циклон киришни бошлайди. Республика бўйлаб шамолли об-ҳаво сақланиб туради, ҳамма жойда булутлилик ортади.
Шимоли-ғарбий туманлар ва чўлли ҳудудларда айрим жойларга ёмғир ёғади. Марказий ва жанубий туманлар, шунингдек Тошкентда кечга яқин кучсиз ёмғир ёғиши кутилмоқда. Фарғона водийси вилоятларида об-ҳаво ёғингарчиликсиз бўлади.
Ҳаво ҳарорати бироз пасаяди, лекин шунга қарамасдан меъёрдан юқори бўлади: кечаси 4-7 даража илиқ, кундузи 14-17 даража илиқ, айрим жойларда ҳарорат 20 даражагача кўтарилади. Фақат Қорақалпоғистонда ва Хоразм вилоятида кундузги ҳарорат кескин пасайиб, 3-8 даража илиқ атрофида бўлади.