Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом туманидаги «Жума элеватори» АЖ қисқа вақт ичида энг замонавий корхоналардан бирига айланди. Бугунги кунда мазкур жамият цехларида ишлаб чиқарилаётган ун маҳсулотлари юқори сифати билан ажралиб туради.

«Жума элеватори» АЖ 1977 йилда ташкил топган бўлиб, жами ғалла сақлаш сиғими 113 минг тоннани ташкил этади. Асосий фаолияти фермер хўжаликлари билан шартнома асосида ғалла қабул қилиб, қуритиб, тозалаб давлат захираси учун сақлаш, омухта ем, қолипли нон ва ун маҳсулотлари ишлаб чиқаришдан иборат.

Бу даражага эришиш учун корхонада бир неча босқичли ишлар амалга оширилди. Улардан энг муҳими Туркиянинг  «Erkan Makina» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган замонавий тегирмон ускуна ва жиҳозлари ўрнатилиши бўлди.

782 минг АҚШ долларига олиб келинган янги тегирмон иш ҳажмини икки бараварга оширгани ҳолда энергия сарфини аксинча, 1,4 баробарга камайтирди.

Янги ускуналар ёрдамида бир кунда 120 минг тонна ғаллани қайта ишлаш имкони бор. Шунингдек, эндиликда бир кунда 90 тонна витаминларга бой ун ишлаб чиқарилмоқда.

Туман аҳолисининг ун маҳсулотларига бўлган талаби қондирилиб келинмоқда. Ун ишлаб чиқариш қуввати 9 минг тоннадан 27 минг тоннага ошган. Омухта ем ишлаб чиқариш қуввати 6 минг тоннадан 12 минг тоннага ошган. Иссиқ нон ишлаб чиқариш 800 тоннани ташкил қилди.