Kun.uz`га ўқитувчилардан мурожаат келиб тушди. Унда ўқитувчилар мактабларнинг 5-8 синф ўқувчилари ўртасида умумтаълим фанлари бўйича анъанавий равишда ўтказиб келинадиган «Билимлар беллашуви» танловининг нега жорий йил ўтказилмагани билан қизиқишган.
«Бу танлов гарчи ўқувчилар учун алоҳида имтиёз бермаса-да, бироқ уларнинг кейинги йилларда фан олимпиадаларига тайёр бўлиб боришларига, билимини оширишга асос бўлиб хизмат қилаётганди. Унинг нима сабабдан тўхтатиб қўйилгани ва қайтадан ўтказилиши мумкинми ёки йўқ, аниқлашда ёрдам берсангиз», – дейилади мурожаатда.
Танлов жорий ўқув йилидан бошлаб тўхтатилди
Халқ таълими вазирлигидан аниқлик киритишларича, республикада 11 йиллик умумий ўрта таълимга ўтилиши кўрик-танлов ва фан олимпиадалари каби тадбирларнинг кўпайишига сабаб бўлган.
Шунинг учун ҳам ўқувчиларнинг ёш-психофизиологик ҳолатларини инобатга олиб «Билимлар беллашуви»нинг республика босқичи 2018 йилдан бекор қилинган.
Маълум бўлишича, 2018-2019 ўқув йили учун ўтказилган танловнинг туман босқичлари ғолиблари вилоятларда тақдирланган, лекин улар кейинги босқичда иштирок этишмаган. 2019-2020 ўқув йилида эса «Билимлар беллашуви» бутунлай тўхтатилган.
«Танловнинг дастлабки босқичларидан эътирозлар кўп бўлди...»
Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Анвар Умаровнинг айтишича, бунга ўтган ўқув йилида ўтказилган «Билимлар беллашуви» юзасидан ота-оналар, ўқувчи ва ўқитувчилар томонидан таклиф ва шикоятлар келиб тушгани сабаб бўлган. Кўпчилик танловнинг дастлабки босқичларини ўтказишда юзага келаётган турли камчиликлардан норози бўлган.
«Мазкур таклиф ва шикоятларни инобатга олган ҳолда «Билимлар беллашуви»ни янада адолатли ва шаффоф ташкил қилиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги танлов формати ва шартларини қайта кўриб чиқмоқда.
Халқ таълими вазирлиги танловнинг янги формати ва шартлари тасдиқланганидан кейин қўшимча маълумотни эълон қилади», – деди Анвар Умаров.
«Билимлар беллашуви» бир йилда 2,5 миллион нафар болани қамраб олган
2010-2011 ўқув йилидан бошлаб ўтказилаётган «Билимлар беллашуви» танловида ўқувчилар умумтаълим фанлари бўйича билимини тўрт босқичда (мактаб, туман, вилоят ва республика) қатнашиб келаётган эди.















