Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, «Адолат» СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров ҳам Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманида рўй берган можароли ҳолат бўйича муносабат билдирди.
«Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси ушбу жараёнда адолат қарор топиши учун ҳар иккала томон ҳам тингланиши, вазият чуқур ўрганилиши лозим деб ҳисоблайди.
Суғориладиган ерларнинг ҳар бир қаричидан мақсадли фойдаланиш даркор, чунки аҳолимизни хавфсиз озиқ-овқат билан таъминлаш ўта муҳим масаладир.
Аксарият ҳолларда ер эгалари бўлган фермерлар нопок йўлларга кириб, улар томонидан деҳқончиликка мўлжалланган ер майдонлари уй, бинолар қуришга ажратилаётганини ноқонуний ҳаракат деб баҳолаймиз.
Бундай ҳолларда энг аввало, ушбу ерларни ажратишга жавоб берганлар қонуний жавоб бериши керак. Шундагина адолат таъминланади. Шунинг учун фуқаролар уй қуриши учун шароит яратиб берган фермер ёки бошқа мутасаддиларнинг жавобгарлиги кун тартибига чиқарилиши зарур. Биз ҳозир сабаблар билан эмас, оқибат билан курашмоқдамиз. Бу зайлда кетадиган бўлса, бундай ҳолатлар эртага бошқа ҳудудда ҳам келиб чиқиши аниқ.
Шунинг учун бу жараёнда асосий эътиборни вазиятни келтириб чиқарган сабабларни бартараф этишга қаратилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Қаерда қонун устувор бўлса, ўша ерда адолат ҳукм суради, ривожланиш бўлади», дея унинг сўзларини келтирмоқда партия матбуот хизмати.
15 февраль куни ижтимоий тармоқларда ИИБ ходимлари ва аҳоли ўртасида тўқнашув содир бўлгани ҳақидаги видео тарқалди.
Бу можароли ҳолат Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманидаги «Халқобод» маҳалласида содир бўлган, ички ишлар органининг икки ходими ва бир фуқаро жароҳатланган.

Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда Олтинсой тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.


















