Халқ депутатлари Узун тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўриб чиқилди. Сессияда шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Баҳром Бобохонович Турсунов вазифасидан озод этилди. Туман ҳокими лавозимига Ҳабибулла Бозоров тасдиқланди.

Ҳабибулла Шерданақулович Бозоров 1980 йил 3 апрелда Ангор туманида туғилган. 2003 йил Ички ишлар вазирлиги академиясини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги ҳуқуқшунос.
Х.Бозоров 2003-2022 йилларда Ички ишлар органларида турли лавозимларда фаолият юритган.
2022 йилдан буён Тошкент шаҳар ИИББ Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.
- Туманнинг собиқ ҳокими Баҳром Турсунов ҳам ички ишлар органидан чиққанди. Муқаддам Музработ тумани ИИБ бошлиғи бўлган Турсунов 2019 йил сентябрида Узун тумани ҳокими этиб тасдиқланганди.
Халқ депутатлари Денов тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўриб чиқилди. Сессияда шу кунга қадар туман ҳокими лавозимида ишлаб келаётган Абдумалик Абдуқодирович Алламурадов вазифасидан озод этилди. Туман ҳокими лавозимига Илҳом Аброров тасдиқланди.

Илҳом Иброҳимович Аброров 1971 йил 3 июлда Денов туманида туғилган. 1995 йил Тожикистон давлат университети, 2008 йил Давлат ва жамият қурилиши академиясини тугатган. Маълумоти бўйича мутахассислиги бухгалтерия ҳисоби, давлат ва жамият қурилиши.
И.Аброров 1997-2020 йилларда маҳаллий ҳокимликлар ва Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигида турли лавозимларда фаолият юритган.
2020 йилдан буён Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (собиқ) бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаб келаётган эди.










