10:40 / 19.02.2020
0
17599

Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистон ҳар бир чартер рейсга неча минг доллар компенсация тақдим этишини айтди

Азиз Абдуҳакимов кўплаб авиаташувчиларда катта қизиқиш уйғотадиган субсидия миқдори тўғрисида маълум қилди

Фото: KUN.UZ

Тошкент шаҳрида Uzbekistan Airports, Aviation&Logistics Forum (UAALF-2020) халқаро авиация форуми иш бошлади. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар қилмоқда.

Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов тадбирнинг очилиш маросимида чартер рейсларга бериладиган субсидия ҳақида гапирди.

«Ўзбекистон бугунги кунда чартер рейсларга энг катта субсидия тақдим этмоқда. Айтайлик, юқори туристик мавсумда 300 киши ташиладиган бўлса, давлат томонидан ҳар бир рейсга 6 минг АҚШ доллари миқдорида компенсация тақдим этилади. Бошқача қилиб айтганда, ҳар бир авиайўловчи учун 20 доллардан. 15 ноябрдан 15 февралга қадар давом этувчи, оқим паст бўладиган мавсумда 300 ўринга мўлжалланган самолёт Ўзбекистонга хорижий меҳмонларни олиб келса, бу миқдор 15 минг долларгача ошади. Ўйлайманки, бу кўплаб авиаташувчиларда катта қизиқиш уйғотадиган субсидия миқдоридир», - деди Азиз Абдуҳакимов.

19-20 февраль кунлари ўтказиладиган икки кунлик тадбирга дунёнинг 130га яқин халқаро ташкилоти жалб қилинган, хусусан, Boing ва Jetcraft (АҚШ), Air Charter Service (Буюк Британия), Bombardier Business jets (Канада), TLD (Ҳиндистон), Luftansa Consulting (Германия), EGIS (Франция), ATR (Испания), Kuwait Airways (Кувайт), Air Arabia ва BGT Events (БАА), Gulf Air (Баҳрайн), Korean Air ва Asiana Airlines (Жанубий Корея), Azerbaijan Airlines (Озарбойжон), Aeroflot ва IrAero (Россия), Al Masriya (Миср), Zagros Airlines (Эрон), Pegasus Airlines ва Turkish Airlines (Туркия), Mitsubishi Corporation, Air Astana (Қозоғистон) ва бошқалар шулар жумласидан.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top