БМТ тизимидаги Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти (ICAO) барча давлатларни можаро ҳудудлари билан боғлиқ хавфлардан фуқаролик самолётларини ҳимоя қилиш бўйича қатъийроқ мажбуриятлар олишга чақирди.

Ташкилотнинг 2 сентябр куни эълон қилинган баёнотида Россия ёки Украина тўғридан тўғри тилга олинмаган. Бироқ ICAO чақириқни дунё бўйлаб фуқаролик самолётларига қарши қурол ишлатилиши хавфининг ортиши, шунингдек уларнинг ҳужум нишонига айланиши ёки ўзаро отишма орасида қолиши эҳтимоли билан изоҳлаган.

ICAO таркибига 193 давлат киради.

Ташкилот фуқаролик авиацияси учун хавф туғдириши мумкин бўлган омиллар қаторида учувчисиз учиш аппаратлари, узоқ масофали қурол тизимлари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа воситаларини санаб ўтган.

Шунингдек, самолётларнинг навигация тизимларига радиочастота халақитларини келтириб чиқарувчи воситалар ҳам хавф манбаи сифатида қайд этилган.

ICAO давлатлар таҳдидлар тўғрисидаги ахборотни тезкор алмашиши, хавфларни баҳолаш ва қарор қабул қилиш механизмларини кучайтириши, шунингдек ҳарбий ва фуқаролик идоралари ўртасидаги мувофиқлашувни яхшилаши кераклигини билдирган.

Бундан мақсад фуқаролик самолётларининг ҳарбий нишон сифатида адашиб идентификация қилинишига йўл қўймаслик экани таъкидланган.

ICAO баёноти эълон қилинишидан бир неча соат аввал Украина ташқи ишлар вазири Андрей Сибиха Киев ташкилотни Россия ҳаво ҳудудида парвоз қилиш хавфсиз эмаслиги ҳақида расман огоҳлантирганини маълум қилган.

Сибиха буни «ҳарбий фаолликнинг кучайиши» билан изоҳлаб, авиакомпаниялар ва давлатларни Россия ҳаво ҳудудидан фойдаланмасликка чақирган.

Украина ташқи ишлар вазирининг даъвосига кўра, Россия мавжуд хавфларни етарлича ҳисобга олмаяпти ва бу ўтган йилларда бир қатор авиация ҳодисаларига олиб келган.

У Киевнинг ICAOʻга мурожаатини «тасодифий ҳодисаларнинг олдини олиш» истаги билан тушунтирган.

Бундан аввал, 1 сентябр куни Украина президенти Володимир Зеленский украин дронлари фаолияти туфайли Россия ҳаво ҳудуди халқаро парвозлар учун тобора хавфли бўлиб бораётганини билдирган.

Унинг сўзларига кўра, Украина «бегуноҳ одамларнинг ҳалок бўлишини истамайди» ва шу сабаб ҳамкор давлатларни эҳтимолий хавфлар ҳақида огоҳлантирмоқда.