Мўғулистон президенти Ухнаагийн Хурелсух Улан-Батор шаҳрида ўтказилаётган COP17 конференцияси доирасида Ўзбекистон миллий павилёнига ташриф буюрди. Унга Ўзбекистон президентининг экология масалалари бўйича маслаҳатчиси — Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов ҳамроҳлик қилди.
Ташриф давомида Мўғулистон президентига Ўзбекистонда экология соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши ҳамда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Ухнаагийн Хурелсух Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар, экологик муаммоларни ҳал қилиш борасида қилинаётган ишларга юқори баҳо берди. Қолаверса, экологик ва иқлим муаммоларини ҳал этишда икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканини қайд этган.









