Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов темирйўл ва авиация соҳаларини танқид қилди. Бу ҳақда у Жарқўрғон туманида ўтказилган йиғилишда айтиб ўтган.

“Тошкентга боргунча касал бўлади...”

Ҳоким туманлараро йўналишларда ҳаракатланадиган поездларда йўловчилар учун муносиб шароитлар яратиш, Сариосиё аэропорти ва туманлардаги темирйўл вокзалларининг кутиш залларини тартибга келтириш бўйича топшириқлар берган.

“Сурхондарё аҳолисини Тошкент билан боғловчи М-39 йўлини ҳамма яхши билиб турибди. Таксистларимиз, автобусчилар додлаб юборяпти. Юзига қарашга кўзимиз қолмади.

Темирйўлда умуман шароит йўқ. Вагонга минган одам Тошкентга боргунча касал бўлиб қоляпти. На совутиш тизими ишлайди, на шароит бор, на билет бор... Сариосиёга қатнайдиган шаҳарлараро поездларда одам ташиб бўлмайди. Транспорт прокурори – томошабин. Эй, оғайни, мансабдор одам обрўни меҳнат билан олади. Умуман шароит йўқ. Қандай одам ташияпсан унинг ичида?” – деган вилоят ҳокими.

“Умуман шарманда”

Улуғбек Қосимов авиачипталар нархига ҳам тўхталган.

“Авиабилетларимиз умуман шарманда: нархи икки баравар бўлиб кетган. Монополия деган ташкилот томошабин. Билет нархига қараб бўлмайди, қандай борсин камбағал одам? Таниш-билишсиз билет топиб бўлмайди”, деган у.

“Ичида нафас олиб бўлмайди”

Вилоят ҳокими монополияга қарши орган (Рақобат қўмитаси) чипталар нархини тўлиқ таҳлил қилиб чиқиши кераклигини айтган.

“Компания одамларга неча пул устама қўйиб ўтирибди? Эй, одамларимизга раҳмат-эй, индамай миниб кетиб боряпти: студент, қари одамлар... Нафас олиб бўлмайди унинг ичида. “СЭС” деган ташкилоти борми ўзининг? Қаерга қарайди улар? Кескин чора кўрасизлар.

Ҳеч ким бепул ташиётгани йўқ. Бепул кетяптими бирор одам? Пулгами? Билет сотиб оляптими? Хизмат қилиш керак унга. Қайси чет давлатга борсанг, мен хизмат кўрсатяпман, деб қўли кўксида чиройли гапириб олиб чиқиб қўяди вагонга. Бу ерда хўмрайиб... Келасанми, кетасанми, кимсан деган саволга жавоб йўқ.

Монополия тўлиқ ўрганиб чиқиб, бу билетларни ҳам жой-жойига туширсин. Одамларга онлайн шаффоф эълон қилиш керак. Иккита кассир хоҳлаган ишини қилиши, таниши бор билет олиши керак эмас. 10 сўмлик билетни 25 сўмга сотяпти алдаб, сунъий тўсиқлар билан”, дея таъкидлаган Қосимов.

Шундан сўнг ҳоким масъулларга бир ҳафта ичида шаҳарлараро ҳамда Тошкентга қатнайдиган поездларни тўлиқ жиҳозлаш топшириғини берган.