«Барселона» ҳозирда қийин даврни ўтказмоқда. Клуб можаро марказига тушиб қолди: ОАВда директорлар кенгаши буюртмаси билан амалдаги раҳбарият қарашларини оқлаш учун пиар-кампания бошлангани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу жараёнда раҳбарият хатти-ҳаракатидан норози бўлганларнинг барчаси нишонга олинди. Ҳаттоки «Барселона» футболчиларини очиқчасига танқид қилиш ва ижтимоий тармоқларда кулгига қолдириш ҳолатлари кузатилди. Танқидлар бўрони остига қолиб кетганлар орасида Лионель Месси ҳам бор эди.

 «Барселона»да аҳвол яхши эмас. Клуб Мессини қоралашга интилгани айтилмоқда. Бунга далил ҳам бор. Бундай қийин дамда Лео Каталониянинг «El Mundo Deportivo» газетаси таҳририятига келиб, катта интервью берди. Суҳбат давомида аргентиналик футболчи шахсий ҳаёти, клуб спорт директори Эрик Абидал билан ўзаро можаро, янги мураббийнинг мослашуви ва пиар-можаро ҳақида гапирди.

 Оиласи ва шахсий ҳаёти ҳақида

- Барселонадаги илк кунларимдан Антонелла доимо ёнимда бўлган. У ҳаётимга хотиржамлик бағишлайди ва футболдан бошқа нарсаларга ҳам эътибор беришимга ёрдам беради. Одатда бу жараён менда қийин ўтади. Ҳаётим ўзимга ёқади: биз яшайдиган Кастельдефенс ҳудуди, кун тартибим, оилам билан бирга бўлиш. Кўпроқ вақтимни оиламга сарфлайман. Кун охирида чарчоқ сезилади, ҳар ҳолда учта фарзанд – кўп. Одатда барвақт ухлаймиз. Сешанба ва пайшанба кунлари болаларимизни футбол мактабига олиб борамиз. Одатий ҳаёт тарзи ўзимга ёқади.

 «Барселона»дан кетиши ҳақида

- Бу борада доимо айтган фикримни такрорлайман: клуб мени жамоада қолишимни истаркан, мен тарафдан ҳеч қандай қаршилик бўлмайди. Бу клубда тўп суриш мен учун шараф. Яна бир карра Чемпионлар лигасида ғолиб бўлишни истайман ва бунга умид қилаяпман. Айни дамда клуб муваффақиятли лойиҳага муҳтож.

Клубни текинга тарк этишим ҳақидаги шартнома банди? Бу банд ҳеч нарсани ўзгартира олмайди. Аввалги йилларда ҳам шундай ҳолатлар бўлардики, ўшанда клубни тарк этиш имконияти бўлган. Исталган маошни беришга тайёр клублар пайдо бўлганди. Бу борада муаммо йўқ. Яна қайтараман: агар клуб кетишимни истамас экан, бундай фикр мендан чиқмайди.

 «Барселона» ўйинидаги ўзгаришлар ҳақида