
АҚШ президенти мақбарани ҳинд маданиятининг гўзаллиги ва ранг-баранглиги намунаси деб атади ва йиллар давомида кўплаб машҳур шахслар имзолаган қайдлар китобида ўз дастхатини қолдирди.
Трамп Ҳиндистонда. Стадиондаги нутқ ва савдо бўйича мураккаб музокаралар
Тож Маҳал XVII асрда Бобурийлар сулоласи вакили Шоҳ Жаҳон буйруғи билан қурилган. У ҳукмдорнинг рафиқаси, туғруқ пайтида вафот этган Мумтоз Маҳал хотирасига барпо этилган.
Унинг меъморий ечими шунчалик мураккаб ва ноёб бўлганки, минглаб қурувчилар томонидан 20 йилдан зиёд вақт давомида барпо этилган. Мақбара ва минораларнинг ҳамма жойи оқ мармар билан қопланган. Ёдгорлик ислом олами меъморчилигига хос тарздаги нақшлар ва Қуръон суралари билан безатилган.
Ушбу мақбара севги ва садоқат тимсоли ҳисобланади, кўпинча уни буюк севги саройи деб аташади.
Тож Маҳал дунёнинг етти мўъжизасидан бири саналади. 1983 йилда ЮНЕСКОнинг жаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Оддий сайёҳлардан ташқари, Тож Маҳал фонида чет эллик сиёсатчилар, юлдузлар ва қироллик оилалари аъзолари мунтазам равишда суратга тушишади.
Тож Маҳалга йилига 4,5 миллион киши ташриф буюради. Улар орасида баъзи фотосуратлар алоҳида ажралиб туради.
Ёлғиз малика

Малика Диананинг 1992 йил Тож Маҳал олдидаги ўриндиқда ёлғиз ўзи ўтирганида олинган ушбу суратда кўпчилик рамзий маънони кўради.
Малика ўшанда турмуш ўртоғи шаҳзода Чарльз билан Агра шаҳрида расмий ташриф билан бўлади. Лекин шаҳзода Чарльз иш билан банд эди ва малика Тож Маҳалга ёлғиз ўзи боради.
Маликанинг мухлислари учун ушбу фотосурат унинг никоҳда ўзини ёлғиз ҳис қилаётгани ҳақидаги сўзларининг тасдиғи эди.























