Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлисида «Суд ишларини юритиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун маъқулланди, деб хабар беради Kun.uz мухбири.

Бу қонун «Судлар тўғрисида»ги, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги қонунлари, Солиқ кодекси, шунингдек, Фуқаролик  ва Иқтисодий процессуал кодекслари ва Маъмурий суд ижрочилиги тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.

Масала юзасидан сенатор Энахон Сиддиқова сўзга чиқди.

«Ўзбекистон президентининг 2019 йил 20 ноябрдаги қарорига мувофиқ, «Судлар тўғрисида»ги қонунга туманлараро, туман (шаҳар) судлари раисларининг ваколатидан судьялар ўртасида ишларни тақсимлаш билан боғлиқ нормаларни чиқариб, ишларни судьяларга фақат автоматик равишда тақсимланишини кўзда тутувчи ўзгартиришларни киритиш белгиланган эди.

Амалдаги тартиб судларда ишларни электрон тизимдан фойдаланган ҳолда инсон омилларисиз автоматик равишда тақсимлашни чеклаб қўяётган эди. Шу боис қонун билан судлов ҳайъатлари ва судлар раисларининг ишларни судьялар ўртасида тақсимлаш ваколатини бекор қилиш, бунинг ўрнига судларда ишларни тасодифий тақсимлаш принципи асосида автоматик тақсимлаш ҳақидаги қоидани киритиш назарда тутилмоқда», – деди Энахон Сиддиқова.

Қонунга асосан, судларда ишларни автоматик тарзда тақсимлаш тартибини белгилаш ваколати Олий суд раёсатига берилмоқда.

Таъкидланишича, «Судлар тўғрисида»ги қонунга киритилаётган ўзгартириш суд иши юритувини соддалаштиришга, суд муҳокамасининг натижасига манфаатдор шахслар таъсир кўрсатишининг олдини олишга, судлар томонидан асослантирилган ва адолатли қарорлар чиқарилишига хизмат қилади.

Сенаторларнинг фикрича, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги қонунга киритилаётган ўзгартиришлар натижасида хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги низоларни тезкор ҳал қилишга эришилади.

2020 йил 1 февралдан бошлаб юридик шахслар томонидан даъво аризаси ва унинг иловаларини жавобгар ҳамда иқтисодий судга солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон тарзда юбориш имконияти яратилади.

Қонун билан Иқтисодий процессуал кодексининг 150-моддасига, даъвогар томонидан даъво аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини жавобгарга ва учинчи шахсларга электрон тарзда юбориш имкониятини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.