Ўзбекистон | 18:30 / 07.03.2020
10180
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда одамнинг турли касалликларга генетик мойиллигини аниқлаш экспертизаси жорий этилиши кутиляпти

Республика суд экспертиза маркази томонидан одамнинг турли касалликларга генетик мойиллигини аниқлаш хизмати йўлга қўйилиши кутилмоқда. Бу ҳақда марказ директори Акрам Халилов 5 март куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Акрам Халилов/Фото: KUN.UZ

“Аҳолига пуллик хизмат кўрсатишнинг янги турларини жорий қилиш бўйича ҳам ишлаяпмиз. Жумладан, одамнинг турли касалликларга генетик мойиллигини аниқлаш бўйича янги экспертиза турларини жорий қилиш бўйича тадқиқотлар олиб бориляпти. Бундай экспертизалар касалликлар профилактикаси, яъни ирсият туфайли келажакда келиб чиқиши мумкин бўлган касалликларнинг олдини олиш ёки муолажаларни дард хуруж қилмасдан бошлаш имконини беради. Ушбу хизмат шартнома асосида маълум миқдордаги тўлов эвазига кўрсатилади. Тўлов миқдори ушбу экспертиза жорий этилгандан сўнг идоравий-меъёрий ҳужжатларга мувофиқ белгиланади”, дея Акрам Халиловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Матбуот анжуманида сўнгги йилларда экологик муҳитнинг кескин ўзгариши сабабли, фуқаролар ўртасида турли хил касалликларни кўпайиб бориши кузатилаётгани, моддий база эскиргани ва малакали кадрларнинг етишмаслиги оқибатида касалликларнинг аксарият қисмини молекуляр-генетик таҳлил орқали олдиндан диагноз қилинмаётгани, бунинг оқибатида фуқаролар даволаниш мақсадида чет давлатларга тўғри ташхис олиш мақсадида катта миқдордаги валютани олиб чиқиб кетаётгани маълум қилинди.

Қайд этилишича, соҳани ривожлантириш мақсадида 2019 йил 17 январда 4125-сонли президент қарори қабул қилиниб, Республика суд экспертиза марказига Y-хромосома бўйича популяцион келиб чиқишни аниқлаш ва касалликларни молекуляр диагностика қилиш бўйича пуллик хизматларни йўлга қўйиш вазифаси юкланди. Бу тадқиқотларни олиб бориш учун ЎзФА Геномика ва биоинформатика маркази билан илмий тадқиқотларни олиб бориш дастури тасдиқланиб, унга кўра Ўзбекистонда қайси касалликларни аниқлашга эҳтиёж юқорилигини ўрганиб чиқилган. Ўрганишлар асосида илмий гуруҳ HLA тизимга кирувчи генлар мажмуини ўрганиш, тромбофилия касаллигини келтириб чиқарувчи генлар мутациясини ўрганиш ва азоспермияга сабаб бўлувчи аллелларни ўрганиш мақсадга мувофиқ деб топилган.

Дилобар Аҳмедова

Марказнинг Одам ДНК суд-биологик экспертизаси лабораторияси мудири Дилобар Аҳмедова ДНК орқали нафақат шахснинг кимлигини, қариндошлик алоқаларини, балки шу шахснинг қандай касалликларга мойиллигини аниқлаш мумкинлигини таъкидлади. Унинг қайд этишича, экспертиза натижаси ана шу касалликларнинг олдини олиш имконини беради.

“Бу йўналишда чет элда жуда катта ишлар олиб борилган. Бу жуда ҳам катта соҳа, шу сабабли лабораториямизда ҳозирги кунда бир нечта касалликларнинг келиб чиқиши, сабаби, қайси генларга боғлиқлиги ва шу генларда қандай ўзгариш юзага келсагина, одамда касаллик бўлиши мумкинлигини аниқлаб беришимиз мумкин. Тиббий ташхис қўйилаётганда, бу касаллик генетик мойиллик сабабли юзага келгани ёки ҳаёти давомида орттирилганига қараб, даволашни тўғри йўналтирса бўлади. Чунки одам қайсидир касалликка генетик томондан мойил бўладиган бўлса, бу касалликни бошқача даволаш лозим бўлади. Хорижий мамлакатларда бундай амалиёт аллақачон йўлга қўйилган. Келажакда бу фаолият тури бизда ҳам ривожланади. Бундай экспертизалар тиббиёт йўналишидаги илмий-текшириш институтлари билан биргаликда олиб бориладиган ишлар ҳисобланади”, дейди у.

Мавзуга оид