2020 йилги Суперлига иштирокчи жамоаларининг тайёргарлиги, таркибдаги ўзгаришлар, режа ва мақсадлари билан таништиришда давом этамиз.

Kun.uz ва Tribuna.uz сайти мухбирлари бу сафар Навоий шаҳрида бўлиб, «Қизилқум» жамоасининг тайёргарлиги, стадиони ва таркибдаги ўзгаришлари билан танишдик, мураббий ва футболчилар билан суҳбатлашдик.

 Клуб стадиони

Навоий шаҳрига кириб борар экансиз, сиз учратган дастлабки катта бинолар спорт мажмуалари бўлиб, олимпия шаҳарчаси шаклида қурилган. Вилоятнинг айни дамдаги асосий аренаси «Ёшлик» стадиони ҳам айнан шу ерда жойлашган бўлиб, «олтин изловчилар»нинг уй стадиони саналади. Кореялик мутахассислар томонидан ҳозирланган стадион чими тез орада идеал ҳолатга келиши кутилмоқда. Ўз бағрига 12 500 томошабинни сиғдира оладиган ўйингоҳ трибуналари, таблоси ва ёритиш тизимида ҳам муаммо йўқ.

 Таркибда қандай ўзгаришлар қилинди?

Қайд этиш жоиз, «Қизилқум» клуби сўнгги мавсумда имкониятидан паст натижа кўрсатди. Мамлакатимизнинг энг йирик корхоналаридан бири саналмиш НКМК ҳомийлигидаги Навоий клуби 2019 йилги мавсумда Суперлигада қолиш учун курашиб, 13-ўрин билан элитада илиниб қолди. Қониқарсиз натижа туфайли жамоа таркибида ўзгаришлар юз бериши кутилганди.

Февраль ойида Туркияда икки ҳафталик йиғин ташкил этган «Қизилқум» жамоаси бир қатор футболчиларни синовдан ўтказди. Жумладан, навоийликлар ҳужум чизиғига Африка қитъасининг Намибия мамлакатидан Маккартни Тевин Навесибни таклиф этишди. Қайд этиш керак, Навесиб Ўзбекистон футболи тарихидаги илк намибиялик легионерга айланди. Клуб аъзоларининг айтишича, Суперлига 1-турда «Насаф» дарвозасига гол урган африкалик «олтин изловчилар»нинг «топилма» футболчиларидан бири бўлади.

Шунингдек, Самарқанднинг «Динамо» жамоаси ҳужумчиси Қадамбой Нурметов ҳам қўшни вилоят клубига ўтди. Маълумотларга кўра, Навоий клуби футболчи учун Самарқанд жамоасига 100 миллион сўм трансфер пули тўлаган.

 «Қизилқум»нинг 2020 йил учун янги футболчилари:

Абди Башимов - 2020, декабрь (Туркманистон)