«Қизилқум» (Навоий) футбол клубининг 19 ёшгача бўлган жамоаси бош мураббийи 20 млн сўм миқдорида пора олганида ушланди. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) хабар берди.
Таъкидланишича, исми-шарифи келтирилмаган мураббий футболчилар жамоага белгиланган синовларда сараланиб, клуб комиссияси қарори ва раҳбар буйруғи асосида қабул қилинишини билса-да, ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда Нурота туманида яшовчи, 18 ёшли ўсмирни асосий таркибга қабул этиш эвазига 20 млн сўм талаб қилган. У сўралган пул маблағини олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ашёий далиллар билан ушланган.
Ҳозир унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.











