Жамият | 17:36 / 12.03.2020
4614
7 дақиқада ўқилади

ДХМлардаги тезкор хизматлар учун алоҳида тарифлар тўғрисида изоҳ берилди

Сўнгги кунларда давлат хизматлари марказларида тезкор хизматлар учун алоҳида тарифлар белгиланганлиги, маълумотлар давлат тилида берилмаётгани ва бошқа шу каби хабарлар турли тушунмовчиликларга сабаб бўлмоқда. Шуни эътиборга олиб давлат хизматлари марказлари қандай ишлаши ва нима ҳисобидан молиялаштирилишини, шунингдек, у ерда юзага келаётган муаммоларнинг сабабларини ойдинлаштириш мақсадга мувофиқ.

ДХМлар нима учун керак?

ДХМлар 2017 йил 12 декабрдаги Президент Фармони билан ташкил этилган бўлиб, бундан қуйидаги асосий мақсадлар кўзда тутилган:

а) давлат хизматлари кўрсатишни қулайлаштириш, оптималлаштириш, самарадорлигини ошириш;

б) рақамли технологиялар ёрдамида замонавий ишлашга ўтиш ва коррупция омилларини йўққа чиқариш;

в) электрон тизим воситасида шаффофлик ва тезкорликни таъминлаш.

ДХМлар қандай ишлайди?

Дунёда кенг ёйилган ушбу тизим қайсидир мамлакатларда мустақил тузилма, айримларида у ёки бу давлат органи таркибида фаолият юритади. Шунингдек, давлат хизматларини фақат ДХМлар орқали ёки аралаш (ДХМ + анъанавий реал ҳужжат айланиши) тарзида кўрсатиш вариантлари ҳам жаҳон тажрибасида учраб туради. Ўзбекистонда давлат хизматлари фақат ДХМлар орқали кўрсатилади (белгиланган хизмат турлари).

ДХМлар турли ташкилотлар ва идораларнинг электрон ахборот базаларига уланади ва уларда бор маълумотларни тезкор, ҳеч ўзгаришсиз, қалбакилаштиришларга йўл қўймаган ҳолда фуқароларга тақдим қилади. Бунда тизим маълумотларнинг мазмуни, тили ва сифатига аралашмайди, ахборотни базада қандай бўлса, шундай чиқариб беради.

ДХМлар давлат бюджетидан молиялаштириладими?

Йўқ. ДХМлар ўзини ўзи таъминловчи ташкилот бўлиб, давлат бюджетидан молиялаштирилмайди.

Нега айрим тўловлар қиммат?

Бугунги кунда ДХМларда кўрсатилаётган хизматларнинг 58 фоизи бепул, фақат 42 фоизигина пулликдир. 

Айрим хизмат турлари учун фуқаро маълум миқдорда тўлов тўлаши мумкин. Масалан, ўрта махсус, касб-ҳунар, олий таълим тўғрисидаги ҳужжат нострификацияси учун БҲМнинг 3 баравари (669 минг сўм) тўланади, бундан ДХМлар ҳисобига ушбу сумманинг 20 фоизигина тушади. Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунага алмаштириш учун эса БҲМнинг 70 фоизи (156 100 сўм) миқдорида давлат божи ундирилади ва бу суммадан кўрсатилган хизмат учун ҳеч қандай фоиз олинмайди.

Нима учун навбат катта?

2017 йилгача Ягона дарча тарзида фақат тадбиркорларга бор-йўғи 17 та хизмат турини кўрсатган тузилма икки йилда 130 та хизмат тури кўрсатувчи катта тизимга айланди. Аммо ходимлар сони ҳамон ўзгармаган. Яъни мавжуд 201 та ДХМ да 2017 йилгача 1500 нафар оператор ишлаган бўлса, бу кўрсаткич ҳозир ҳам ўзгаришсиз турибди. Иш ҳажми эса етти-саккиз баробар ошган. Бир кунда (09.03.2020 ҳолатига кўра) республика бўйича қарийб 60 минг киши ДХМларга ариза қолдиради. Бир оператор 1 кунда ўртача 40 та фуқарога хизмат кўрсатади.

Бундан ташқари, ДХМлар сони аҳоли жон бошига ҳисоблаганда анча кам. Ҳозирда 201 та марказ фаолият юритаётган бўлса, жорий йилда яна 100 та шундай марказлар ишга туширилиши режалаштирилган. Солиштириш учун: аҳолиси Ўзбекистондан икки баробарга кам (17 млн) Нидерландияда 352 та ДХМ мавжуд ва уларда 600 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилади. Ушбу фактнинг ўзиёқ бизда ҳали кўплаб ДХМларга эҳтиёж мавжудлигини кўрсатади.

Сўнгги икки йилда ДХМ операторлари, дастурчилари, менежерлари ва бошқа персоналлари олдига катта вазифа қўйилди. Яъни илгари 17 та хизматни кўрсатиб келган ходимлар бирданига 130 та хизмат турини тезкор кўрсатишга ўрганиши, яъни шунча йўналишни бирдек ўзлаштириб, ўз фаолиятини самарали ташкил этиши лозим бўлди. Бунинг учун етарли тажриба ва бироз вақт керак.

Давлат хизматлари агентлиги ушбу муаммоларни мунтазам аниқлаб, бартараф этиш чоралари устида амалий ҳаракатлар қилмоқда. Масалан, кассаларга навбатларни қисқартириш учун электрон тўлов тизимлари жорий этилган. Шунингдек, электрон рақамли имзоси бор фуқаролар керакли хизматларни масофадан (масалан, уйдан, офисдан ва ҳ.к.) туриб ёки ДХМлардаги ўз-ўзига хизмат кўрсатиш нуқталарида ягона интерактив портал (my.gov.uz) орқали олишлари мумкин. Бунда уларга ДХМдаги ходимлар маслаҳат ва ёрдам беришади. Бироқ кўпчилик фуқаролар ушбу усуллардан бехабар ёки фойдаланишни билмайдилар/истамайдилар.

Бундан ташқари, ходимларнинг малакасини ошириш учун мунтазам равишда турли тренинглар ташкил этилади. Уларни меҳнатга яраша рағбатлантириш мақсадида фаолиятини индивидуал баҳолаш тизими жорий этилган.

ДХМлардаги узун навбатлар соҳа ривожланиб бориши ортидан яқин келажакда ижобий ечим топадиган масаладир.

Тезкор хизмат кўрсатиш учун алоҳида тарифлар нимага керак?

Давлат хизматлари марказида навбат кутувчиларга қулайлик яратиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилган. Хусусан, янги қурилган марказларда кенг, қулай, кондиционерли заллар, юмшоқ ҳудудлар, болалар майдончаси, кутубхона ва кафетерийлар мавжуд. Барча марказларни босқичма-босқич шундай реконструкция қилиш режалаштирилган ва амалга оширилмоқда.

Бундан ташқари, айрим фуқароларга хизматларни алоҳида тарифлар орқали тезкор кўрсатиш ҳам таклиф этилади. Бунинг бир қанча сабаблари бор.

Биринчи, навбатларни тезлаштириш ёки айланиб ўтиш учун турли коррупцион туйнуклар қидиришга барҳам беради. Чунки иши тез битиши керак бўлган одам навбатга турмаслик, белгиланган муддатгача кутмаслик учун турли айланма йўлларни қидиради, шунда коррупция ва қонунбузарликлар риски ортади.

Иккинчи, тезкор хизмат кўрсатувчи ходим, унинг иш жиҳозлари ва фаолияти учун зарур бошқа воситалар ДХМлар бюджетига қўшимча юк бўлиб тушади ва улар қайсидир маблағлар ҳисобига молиялаштирилиши керак.

Учинчи, ушбу хизматлар умумий хизмат кўрсатиш жараёнига ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди, яъни умумий навбатда турган мижозларнинг навбат тартиби бу билан ўзгармайди.

Тўртинчи, алоҳида тариф асосида тезкор хизмат кўрсатувчи ходим бўш қолса, умумий тартибда навбатда турган мижозларга ҳам хизмат кўрсатиши мумкин, бу эса навбатларнинг камайишига олиб келади.

Бешинчи, бу тизим жаҳонда кенг қўлланилади ва ўз самарадорлигини исботлаган. Масалан, Нидерландияда йўқолган паспортни одатдаги тартибда тиклаш 74 евро, тезкор тартибда тиклаш эса 124 еврога тушади.

Олтинчи, ушбу турдаги хизматдан келиб тушган маблағ ДХМлар фаолиятини ривожлантиришга сарфланади. Чунки мазкур тизим ахборот технологиялари ва замонавий техника янгиликларини мунтазам ва жадал равишда жорий этиш ҳамда кадрлар малакасини доимий равишда ошириб боришни тақозо қилади, бу эса катта маблағни талаб этади.

Электрон давлат хизматлари кўрсатиш қарийб 30 йиллик тарихга эга. Нидерландияда 1994, Австралияда 1997, Канадада 2005 йилларда жорий этилган ушбу тизим Ўзбекистонда эндигина икки ёшни қаршилади. Тизим бугунги кунда шаклланиш ва ривожланиш жараёнини бошидан кечирмоқда. Шунга қарамай, у замон шиддатига ҳамоҳанг тарзда тезкор ривожланяпти. Бу жараёнга Давлат хизматлари агентлиги ва бутун тизим ходимлари жиддий сафарбар этилган.

Давлат хизматлари агентлиги 
жамоатчилик билан алоқалар бўлими

Мавзуга оид