Ўзбекистон | 11:34 / 31.03.2020
6439
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрида ДХМларда махсус рухсатнома учун 27 мингдан ортиқ мурожаат қабул қилинди – Адлия вазири

Махсус стикер учун Тошкент шаҳри ДХМларига 4500 дан ортиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда эса 3200 га яқин фуқаролар ташрифи кузатилди.

Архив фото: KUN.UZ

Бугун, 31 март куни АОКА қошидаги махсус штабда ташкил этилган онлайн брифингда Адлия вазири Руслан Давлетов транспортдан фойдаланиш учун махсус рухсатнома олиш тартиби тўғрисида маълумот берди.

«2020 йил 30 мартдан 20 апрелга қадар вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автотранспорт воситалари Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома(стикер)лар асосида ҳаракатланиши мумкинлиги белгиланди.

Шунга кўра, Тошкент шаҳридаги Давлат хизматлари марказлари орқали 27 минг дан ортиқ мурожаат қабул қилинди.

Тошкент шаҳри ДХМларида 4500 дан ортиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда эса 3200 га яқин фуқаролар ташрифи кузатилди», - дея маълумот берди Русланбек Давлетов.

Бундан ташқари, Русланбек Давлетов ОАВ воситалари хизмат машиналари учун ҳам махсус стикер олиш талаб қилиниши ва кечаги ҳолатга кўра, ОАВлар учун жами 128 та стикер берилганини маълум қилди.

Адлия вазирининг сўзларига кўра, автотранспортдан фойдаланишни чеклашдан мақсад аҳолининг уйда қолишини таъминлашдан иборат.

«Бироқ агар фуқаролар ҳар хил йўллар ва ўйлаб топилган сабаблар билан яна кўчага интилса, унда карантин самараси жуда паст бўлади», - деди Руслан Давлетов.

 Шунингдек, Руслан Давлетов махсус рухсатномани беришда ҳеч қандай тўлов ундирилмаслигини ҳам таъкидлаб ўтди.

 Эслатиб ўтамиз,  автотранспорт воситаларини бошқариш учун бериладиган рухсатнома (стикер) учун аризани масофадан туриб, онлайн тарзда топшириш бўйича тизим жорий этилди. Бунинг учун талабгор томонидан онлайн шаклда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида сўровнома тўлдирилиши лозим. 

Аброр Зоҳидов
Тайёрлаган Аброр Зоҳидов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид