Жаҳон | 18:30 / 08.04.2020
4929
1 дақиқада ўқилади

Tesla маошлар камайиши ва айрим ходимлар ишдан бўшатилишини эълон қилди

Компания Калифорниядаги электромобиллар ва Нью-Йоркдаги қуёш панеллари ишлаб чиқарувчи заводлари ишини 24 мартда тўхтатганди. 

Фото: Getty Images

Миллиардер Илон Маскка қарашли Tesla компанияси коронавирус сабабли АҚШдаги заводлари ёпилиши туфайли ходимларнинг ойлик маошлари қисқартирилишини эълон қилди. Компаниянинг Шимолий Америкадаги раҳбари Валери Каперс Воркман иккинчи чоракда барча ёлланма ишчиларнинг маоши вақтинча қисқартирилиши тўғрисида мактуб йўллади, деб ёзмоқда Protocol нашри.

Қайд этилишича, компаниянинг вице-президент ва ундан юқори лавозимдаги раҳбарларининг маоши 30 фоизга, директорларники 20 фоизга қисқартирилади. Қолган барчанинг ойлиги 10 фоизга камаяди.

Tesla шунингдек, муҳим ҳисобланмайдиган ва масофадан ишлай олмайдиган ходимларининг бир қисмини ҳам ишдан бўшатади.

Маош қисқариши ва ишдан бўшатишлар 13 апрелдан бошланади.  

Компания Калифорниядаги электромобиллар ва Нью-Йоркдаги қуёш панеллари ишлаб чиқарувчи заводлари ишини 24 мартда тўхтатганди. 

Мавзуга оид