Tesla Остин шаҳрида ҳайдовчисиз Cybercab автомобилининг ёпиқ тақдимотини ўтказди. Бу бренд илк бор 2024 йилда намойиш этган икки ўринли электромобилдир.
Машина «чайка қаноти» услубидаги эшиклар ва автоном ҳаракатланиш учун саккизта камера билан жиҳозланган. Шу билан бирга, унда анъанавий бошқарув воситалари — рул чамбараги, педаллар ва ён кўзгу ойналари мавжуд эмас. Шунингдек, Tesla қатор рақобатчилари қўллайдиган радар ва лидардан воз кечган.

Tesla маълумотларига кўра, Cybercab аллақачон Robotaxi хизмати доирасида синовдан ўтказилмоқда. Техасда шундай 45 та автомобил рўйхатга олинган, бироқ компания ҳозирча уларнинг қанчаси тижорий қатновларга жалб этилишига аниқлик киритмаган.
Айни вақтда Tesla Model Y базасидаги роботаксиларни ривожлантиришда давом этмоқда. Robotaxi Tracker маълумотларига кўра, компания олтита шаҳарда ҳайдовчининг доимий назоратисиз жами 256 та автоном автомобилдан фойдаланади. Таққослаш учун, Waymo 14 та шаҳарда 4 мингга яқин машинани ишлатади.

Cybercab’нинг серияли сотуви ҳали бошланмади. Аввалроқ, компания эгаси Илон Маск автомобил нархи тахминан 30 минг доллар бўлиши мумкинлигини айтган эди, бироқ Tesla ҳозиргача унинг бозорга чиқиш санасини эълон қилмади.
Cybercab 219 от кучига эга доимий магнитли битта электр мотор ва олд узатмалар қутиси билан жиҳозланган. Батарея сиғими — 48 кВт·соат. Такси бир қувватланишда 673 км гача масофани босиб ўта олади.















