Америкалик Tesla компанияси тўққиз йилга яқин кечикишдан сўнг иккинчи авлод Roadster электр спорт автомобилини расман намойиш этди. Тадбир 15 октябр куни Техас штатидаги SpaceX ракета синов майдонида бўлиб ўтди.
Тақдимот одатий автомобил намойишидан кўра кўпроқ каскадёрлик шоусини эслатди. Оқ рангли икки ўринли автомобил катта эгри рампага кўтарилди.
Кузов остидаги сўрувчи вентиляторлар ёрдамида у рампага ёпишганча бутунлай тескари ҳолатга келди. Сўнг ўрнатилган совуқ газли трастерлар ёрдамида рампадан узилиб, ҳавода айланди ва ерга қўнди.
Кейинги намойишда у бир қатор Tesla автомобиллари ва Semi юк машинаси устидан сакраб ўтди. Хавфсизлик нуқтаи назаридан намойишларда машина ҳайдовчисиз, автоном режимда ҳаракатланган.

«Маълум бўлишича, келажакда учар машиналар ҳам бор экан», деди Tesla ва SpaceX раҳбари Илон Маск.
Машина қандай қилиб учади?
Компания маълумотига кўра, Roadster уч хил кўринишда чиқарилади. Икки ўринли асосий Performance версияси фаол аэродинамика ва сўрувчи тизимга эга. У соатига 97 километр (60 миля) тезликка 1,6 сониядан кам вақтда чиқади. Орқа трастерлар қўшилган Thrust версиясида бу кўрсаткич 0,9 сониягача қисқаради.

Бир ўринли Rocket эса қўшимча трастерлар ёрдамида ердан кўтарила олади. Tesla унинг тезланишини 0,59 сониядан кам деб кўрсатган. Барча версиялар учун 480 километрдан ортиқ юриш масофаси ва соатига 370 километрдан юқори тезлик ваъда қилинмоқда. Тадбирда эса автомобил 0,81 сонияда соатига 97 километрга чиққани намойиш этилди.

























