Ҳафтанинг иккинчи ярмидан бошлаб Ўзбекистонда ҳаво ҳарорати кўтарила бошлайди
Бугун ҳам кечагидек деярли бутун Ўзбекистон ҳудуди нисбатан илиқ, аммо жуда нам ҳаво оқимлари таъсирида бўлади
«Ўзгидромет» хабарига кўра, республика ҳудудининг катта қисмида ёмғир, айрим жойларга кучли ёмғир ёғади. Бухоро ва Навоий вилоятларида ёмғир фақат эрталаб ёғиб ўтди, Қорақалпоғистонда ва Хоразм вилоятида об-ҳаво ёғингарчиликсиз бўлади.
Эртага ҳам мамлакат ҳудудида айрим жойларга ёмғир ёғади, тоғолди ва тоғли ҳудудларда кучли ёмғир ёғиши мумкин. Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди.
15 апрелда Фарғона водийси вилоятларида ёмғир ёғади, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида айрим жойларга кучсиз ёмғир ёғиши мумкин.
Республика бўйлаб баъзи жойларда шу кунларда шамолнинг тезлиги секундига 15-20 метргача кучайиши мумкин, кундузги ҳарорат 13-18 даража илиқ атрофида бўлади.
13-14 апрелда республиканинг тоғолди туманларида сел келиши хавфи бор.
Ҳафтанинг иккинчи ярмида нам ҳаво оқими республика ҳудудини бутунлай тарк этади. Мамлакатда об-ҳаво ёғингарчиликсиз бўлади. Ҳаво ҳарорати кўтарила бошлайди ва кундузи 19-24 даражагача етади, бу апрель ойи ўртаси учун хос бўлган ҳароратдир.