Жаҳон | 07:13 / 16.04.2020
13636
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг ЖССТ бўйича қарори жаҳон бўйлаб танқид остига олинмоқда

АҚШ президентининг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини молиялаштиришни тўхтатиш тўғрисидаги қарори дунёнинг бир қатор сиёсий арборлари ҳамда оммавий ахборот воситалари томонидан танқидга остига олинди.

Филиппиндаги ҳолат. Фото: Jes Aznar / The New York Times

«Дунё аҳли коронавирус пандемиясига қарши курашда қандай қилиб олдинга силжишни ўйлаётган бир вақтда президент Трамп қўшимча зарба берди», деб ёзмоқда The New York Times. 

Мазкур нашр дунё етакчилари ҳам Трампнинг бу қарорини қоралаганига эътибор қаратган.

Жумладан, БМТ бош котиби Антонио Гутеррешнинг огоҳлантиришича, ЖССТ бугун инқирознинг олдинги қаторида турибди. Айни шундай вазиятда молиявий ёрдамни тўхтатишнинг вақти эмас эди. «Фикримча, пандемияни енгиш учун ЖССТнинг қўллаб-қувватланиши ҳозир жуда муҳимдир», деган у.

АҚШ ЖССТга йилига 400 млн доллардан зиёд ҳисса қўшадиган энг йирик донор ҳисобланарди.

Германия ташқи ишлар вазири Ҳайко Маас ҳам Дональд Трампга нисбатан танқидий фикрларини очиқ хат орқали маълум қилган.

Хитой ташқи ишлар вазири ҳам АҚШни ЖССТ олдидаги мажбуриятни бажаришга чақирган.

Африка Иттифоқи раиси Мусо Муҳаммад эса ҳолатга ўз муносабатини иккита сўз билан ифода этган: «Чуқур таассуф!»

«Вирус тарқалишига қарши секин ва самарасиз чора кўргани учун танқидга учраган жаноб Трамп ЖССТни айблашга ўтди», деб ёзмоқда ОАВ. 

Мавзуга оид