Жаҳон тиллари университети ректори бошқа ишга ўтказилди
Ғанишер Раҳимов Самарқанд давлат университетининг Денов тадбиркорлик ва педагогика институти ректори сифатида иш бошлади
Самарқанд давлат университетининг Денов тадбиркорлик ва педагогика институти ректори тайинланди.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, Ғанишер Худойқулович Раҳимов Самарқанд давлат университетининг Денов тадбиркорлик ва педагогика институти ректори этиб тайинланди.
Шу муносабат билан Ғ.Раҳимов Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг ректори лавозимидан озод қилинди.
2020 йилнинг 16 апрель куни Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов томонидан бу ҳақдаги тегишли ҳужжат имзоланди.
Президентнинг 2020 йил 17 апрелдаги ПҚ-4681-сон қарори билан Денов тадбиркорлик ва педагогика институти ташкил этилди.
Институт фаолиятининг асосий йўналишлари сифатида:
тадбиркорларнинг замонавий ривожланиш тенденцияларини инобатга олган ҳолда тадбиркорлик ва бошқарув, педагогика ва аниқ фанлар ҳамда меҳнат бозори эҳтиёжларига мувофиқ бошқа соҳалар бўйича юқори малакали кадрларни миллий ва халқаро стандартларга мувофиқ сифатли тайёрлаш;
етакчи хорижий ОТМлар билан ҳамкорликда малакали мутахассисларга эҳтиёж юқори бўлган соҳалар учун қўшма таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлаш;
кадрлар тайёрлаш жараёнига илғор таълим технологиялари, шу жумладан масофавий ўқитиш услубларини жорий этиш;
ўқув ва илмий лойиҳаларни амалга оширишда, шунингдек, илм-фан, ишлаб чиқариш ва амалиёт олдида турган долзарб вазифаларни ҳал этишга йўналтирилган илмий-амалий тадқиқотлар олиб боришда республика ва хорижий етакчи олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари билан ҳамкорлик қилиш;
юқори малакали профессор-ўқитувчилар, мутахассисларни жалб этган ҳолда ижтимоий соҳа ва иқтисодиётнинг эҳтиёж юқори бўлган тармоқлари учун кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курсларини ташкил этиш;
республика ва хорижий олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларига истиқболли ёшларни магистратура ва докторантурага мунтазам юбориш орқали Институтнинг илмий-педагогик салоҳиятини ошириб бориш кабилар белгиланди.