Ўзбекистон | 16:59 / 23.04.2020
32266
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда коронавирусдан соғайганлар сони 500га яқинлашди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Андижон, Жиззах ва Бухоро вилоятларида коронавирусдан зарарланган беморларнинг навбатдаги гуруҳи тузалгани тўғрисида маълумот берди. Бугун ҳозирча 36 бемор соғайди ва жами тузалганлар сони 486 нафарга етди.

Маълум қилинишича, Андижон вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан коронавирус инфекциясидан 4 нафар бемор буткул соғайган. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилган.

Соғайганларнинг барчаси Андижон вилоятидан. Улардан 1 нафари эркак, 3 нафари аёл бўлиб, барчаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, инфекция юқтириб олган. Улар орасида энг ёши каттаси 57 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 2019 йил туғилган. Самарали даволаш муолажаларидан кейин, сўнгги текширувлар уларда инфекция йўқлигини кўрсатди.

Шундай қилиб, вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан тўлиқ тузалиб чиққанлар сони 51нафарга етди. 

Жиззах вилоятида ҳам бир бемор соғайган. Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан коронавирус инфекциясига чалинган 1 нафар бемор буткул соғайди. У вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилган.

Соғайган бемор (эркак) 35 ёшда бўлиб, Жиззах шаҳридан. У коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, инфекция юқтириб олган. Сўнгги текширувлар унда инфекция йўқлигини кўрсатган. 

Бугун Бухоро вилоятида бир йўла 31 нафар бемор тўлиқ соғайган. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилган.

Шифо топганларнинг 26 нафари Россиядан, 4 эса Туркиядан чартер рейслар орқали Бухорога олиб келинган ва карантинга олинганди. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. 1 нафар бемор коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, инфекция юқтириб олган. Улардан 27 нафари эркак, 4 нафари аёл. Беморларнинг 6 нафари Тошкент шаҳридан, 5 нафари Самарқанд вилоятидан, 4 нафардан Андижон, Тошкент ва Бухоро вилоятларидан, 2 нафардан Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидан, 1 нафардан Қорақалпоғистон Республикаси, Сирдарё, Жиззах, Фарғона вилоятларидан. Улар орасида энг ёши каттаси 69 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 16 ёшда.

Бухоро вилояти бўйича шу пайтга қадар 83 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 114  нафарга етди. 

  • Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 1716тадан ошган, 7 бемор вафот этган, касалликдан соғайган беморлар сони 486 нафарни ташкил этмоқда.

Мавзуга оид