Жиззах вилоятида бир кунда 2 та ЙТҲда 5 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди.
14 август куни Пахтакор тумани Боғишамол маҳалласи ҳудудида 2 та Cobalt иштирокида ЙТҲ содир бўлган. 1993 йилда туғилган ҳайдовчи А.И. Cobalt машинасини бошқариб кетаётиб, қувиб ўтиш қоидасини бузган ва қарама-қарши йўналишда келаётган Cobalt билан тўқнашган. Иккинчи машина 36 ёшли Х.У. бошқарувида бўлган.

Оқибатда бир ҳайдовчи воқеа жойида, иккинчиси шифохонада вафот этган.
15 август куни эрталаб Ғаллаорол туманида яна бир аянчли ЙТҲ содир бўлган. Бухоро вилоятида яшовчи 35 ёшли Ш.Б. юк машинасини “Тошкент-Самарқанд” йўналишида бошқариб келиб, йўлнинг белгиланмаган жойидан қайрилиб олаётганда Cobalt йўлига чиқиб кетган.

Оқибатда Cobalt ҳайдовчиси ва ундаги бир йўловчи воқеа жойида, яна бир йўловчи эса шифохонада вафот этган. Улар Сурхондарё вилоятининг Олтинсой туманидан бўлган.
Аввалроқ Жиззах вилоятининг Зомин туманида Onix ва Volkswagen тўқнашувида 2 киши ҳалок бўлганди.











