Коронавирус сабаб Лионель Месси 50 миллион доллар, Криштиану Роналду 20 миллион доллар йўқотди. МБA юлдузи Леброн Жеймсга ҳар бир қолдирилган ўйин 300 минг долларга тушмоқда. Миллий хоккей лигаси ўйинчилари эса маошларининг 25 фоизидан ажралишлари мумкин. Forbes коронавирус келтириб чиқарган молиявий инқироз сабаб машҳур спортчилар қанча зарар кўришини ҳисоблаб чиқди.

Коронавируснинг зарари аввало катта спортда сезилди. Жамоалар «жон сақлаб қолиш учун» харажатларини камайтириши керак эди. Катта жамоаларда харажатларнинг аксар қисмини атлетларнинг маоши ташкил қилади. Клублар спортчилар билан келишган ҳолда маошларни қисқартиришга мажбур бўлди. Катта мусобақалар ўтказилмаётгани сабаб спортчилар мукофот пуллари ҳам олишмаяпти. Хўш, коронавирус спортчиларнинг даромадига қандай таъсир қилди?

Футбол

Фото: REUTERS / Albert Gea

Европанинг аксар клубларида футболчилар маошларининг қисқаришига ўзлари рози бўлишди. Масалан, «Барселона» футболчилари маошлар қисқаришига ўзлари ташаббус кўрсатишди. Каталония суперклуби коронавирусгача бир йилда умумий 858 миллион доллар харажат қилар ва ундан 600 миллион доллари маошларга сарфланарди. Клуб инқироз сабаб маошларни 70 фоизга камайтирди.

«Барселона» сафида дунёнинг энг кўп маош олувчи спортчиси Лионель Месси ҳаракат қилади. Forbes маълумотига кўра, унинг йиллик даромади реклама шартномалари билан бирга 127 миллион долларни ташкил этади. «Барселона» эса Мессига бонуслар билан бирга йилига 80 миллион доллар тўларди. Инқироз сабаб Месси 50 миллион доллар йўқотадиган бўлди.

Криштиану Роналду ҳам «Ювентус»даги жамоадошлари билан март ойидан июнгача бўлган 4 ойлик маошларидан кечадиган бўлди. Бу эса «Ювентус»га 97 миллион доллар тежаш имконини беради. Клуб шу тариқа маошлар 30 фоиз қисқаришига эришган. Ўтган йилги даромадларга кўра, Роналду учун 30 фоиз маош 20 миллион доллар дегани. Маълумот учун, у ўтган мавсумда реклама шартномалари билан бирга 109 миллион доллар ишлаган.

Франция юқори дивизиони клублари апрелдан бошлаб футболчиларни вақтинча ишсиз мақомига ўтказишди. Бу эса маошлар автоматик тарзда 30 фоизга камаяди деганидир. Клублар профессионал футболчилар кенгаши ва мамлакат молия вазирлигидан маошларни яна камайтириш бўйича тавсия ҳам олган. Унга кўра, ҳафтасига 10 мингдан 20 минг еврогача олувчиларнинг маоши 20 фоизгача, 100 минг евродан ортиқ ҳақ олувчиларнинг маоши 50 фоизгача қисқартирилиши мумкин.