5 октябр куни Германия мудофаа вазири Борис Писториус ва Қуйи Саксония бош вазири Олаф Лис Эмденда ҳарбий-денгиз базаси қуриш бўйича ниятлар декларациясини имзолади. Янги база мамлакат флотининг Шимолий денгиз соҳилидаги иккинчи таянч нуқтаси бўлади.
Писториус Эмден яна Германия ҳарбий-денгиз кучлари базасига айланишини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, ҳозирги флот Бундесвер тарихидаги энг кичиги бўлса-да, бажариши лозим бўлган вазифалар кўлами ҳар қачонгидан катта.
«Шунинг учун ҳарбий-денгиз флоти кенгайиши керак ва у кенгаяди», — деди вазир.
Эмденнинг танланиши унинг стратегик жойлашуви ва қурилиш учун етарлича бўш майдонлар мавжудлиги билан изоҳланмоқда. Лойиҳа доирасида кемаларнинг тўхташ жойларини кўпайтириш, причаллар узунлигини ошириш ва ҳарбий хизматчилар сонини кенгайтириш режалаштирилган.
Ҳозир Германиянинг Шимолий денгиз соҳилида фақат битта — Вилгелмсхафендаги Хеппензер-Гроден ҳарбий-денгиз базаси бор. Писториусга кўра, иккинчи базанинг пайдо бўлиши флотнинг ҳаракатчанлиги ва турли вазиятларга мослашиш имкониятини оширади.
Вазир жиддий инқироз юз берган тақдирда Германия флотининг ҳаракатларини олдиндан тахмин қилиш қийинлашиши, унинг оператив имкониятлари эса кенгайишини таъкидлади.
Tagesschau маълумотига кўра, янги портда фрегатлар учун еттита, миналарни қидириш ва зарарсизлантириш кемалари учун ўнта, буксирлар учун яна ўнта тўхташ жойи ташкил этиш кўзда тутилган. База Германия ҳарбий-денгиз кучларининг янги стратегиясида муҳим ўрин тутади.
Нашр келтирган экспертлар баҳосига кўра, Эмденнинг географик афзалликларидан бири — шаҳар Россиянинг ўрта масофали ракеталари етиб бориш ҳудудидан ташқарида жойлашганидир.








