Жаҳон | 09:00 / 03.05.2020
17071
3 дақиқада ўқилади

Исми узун чақалоқ. Борис Жонсон ўғлининг исмини ўзини қутқарган шифокорларга атаб қўйди

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон ва қаллиғи Кэрри Саймондс янги туғилган фарзандига исм танлашди. Жуфтлик чақалоққа Уилфрид Лори Николас деб исм қўйишди. Ҳа, исмнинг ўзи учта сўздан иборат. Унинг фамилияси эса табиийки Жонсон бўлади.

Фото: AFP

Жонсоннинг қаллиғи Кэрри инстаграмдаги саҳифасида чақалоққа нега бундай исм танланганини айтди. Унга кўра, бош вазирнинг ўғлига икки буваси ва Борис Жонсонни даволаган шифокорлар шарафига шундай исм қўйилган.

32 ёшли Кэрри Саймондс учун бу биринчи фарзанд бўлди. Борис Жонсон эса олтинчи марта ота бўлди. Саймондс хоним инстаграмдаги саҳифасида чақалоғи туғилган касалхонадагиларга раҳмат айтган. «Ҳеч қачон бу қадар хурсанд бўлмагандим. Хурсандчилик юрагимни эгаллаб олган», деб ёзган бош вазирнинг қаллиғи.

Чақалоқ 29 апрель куни, яъни Жонсон касалхонадан чиққанидан икки ҳафта ўтиб туғилганди.

Кэрри Саймондс Лондондаги Университет қошидаги шифохонада туғди / Instagram / CARRIE SYMONDS

Борис Жонсон Кэрри Саймондс билан расман эр-хотин эмас. Саймондс хоним Борис Жонсонга фарзанд туғиб берган учинчи аёлдир. Жонсон биринчи хотини Аллегри Мостин-Оуэн билан олти йил яшаган, лекин улар фарзанд кўришмаган.

Бош вазирнинг иккинчи хотини Марина Уилер эса унга икки ўғил, икки қиз туғиб берган. 2009 йил Жонсон Ҳелен Макинтайрдан никоҳсиз фарзанд кўради. Кэрри Саймондс ҳам ҳозирча Борис Жонсон билан никоҳда эмас.

Чақалоқнинг исмидаги Уилфрид Борис Жонсоннинг бобоси шарафига, Лори эса Кэрри Саймондснинг бобоси шарафига қўйилган. Борис Жонсоннинг бобоси туғилган вақтида уни Усмон Уилфрид Камол деб аташган. Биринчи жаҳон уруши вақтида эса у туркча исмини Уилфрид Жонсон деб ўзгартирган. Бу ҳақда Борис Жонсон 2008 йил ВВС эфирида айтганди.

Исми узун чақалоқ номидаги Николас исми кимга бағишланганига келсак. Борис Жонсон коронавирус вақтида ўзини даволаган шифокорлар Ник Прайс ва Ник Ҳарт шарафига Николас исмини ўғлининг исмига қўшган. ВВС’нинг ёзишича, Жонсоннинг шифокорларга кўрсатган бу ҳурмати унинг коронавирус билан олишаётган вақтдаги аҳволи қанчалик жиддий бўлганини кўрсатади. Бу борада гапирган Борис Жонсон «ҳаммаси ёмонроқ бўлиши мумкинлиги»ни айтганди.

Борис Жонсон февралда қаллиғи билан фарзанд кутаётгани ҳақида айтар экан чақалоқ туғилиши билан икки ҳафталик ўзига хос декретга чиқиши мумкинлигини истисно қилмаганди. Даунинг-стрит матбуот хизматининг маълум қилишича, бош вазир бундан кейин ҳам таътилга чиқиши мумкин.

Борис Жонсон Даунинг-стритга қайтган / ANDREW PARSONS/10 DOWNING STREET

Маълумот учун, Борис Жонсон Британия бош вазир лавозимида бўлатуриб фарзандли бўлган учинчи сиёсатчи ҳисобланади. ВВС берган хабарга кўра, жуфтлик Даунинг-стрит кўчаси 11-уйда истиқомат қилади. Бу эса бош вазир қароргоҳининг (Даунинг-стрит 10) ёнидаги уй. Шу боис чақалоқ тез-тез ОАВда кўриниш бериши мумкинлиги айтилмоқда. Дунё етакчилари Борис Жонсонни олтинчи марта ота бўлгани билан табриклашди. Британия қироличаси Елизавета II ҳам Жонсон ва қаллиғига шахсан табрик йўллади.

Мавзуга оид